Диндан чиққан инсон билан муносабат

Ассалому алайкум! Аввалдан ноурин савол берган бўлсам узр сўрайман. Бир ташкилотда ишлашим давомида қўл остимга бир ёш ходим ишга кирди. Иш жараёнида унга иш олиб боришни ўргатиш билан бирга, Аллоҳга шукр қилишлик, Аллоҳдан сўраш, ота-онага хизмат қилиш, инсонларга яхшилик қилиш каби масалаларда насиҳатлар қилиб бордим. Лекин, бир куни ушбу ходим менга "Менга хадеб насиҳат қилаверманг, мен мусулмон эмасман" деб айтган гапи ўзимга катта зарбадек тегди. Чунки хаётимда бунақа ҳолатга биринчи марта тушишим. У билан босиқлик билан олиб борган суҳбатим натижасида ушбу ҳолатдан ота-онасини хабари йўқлигини билдим. Аллоҳни борлигига, уни Аллоҳ яратганига, ўлим ҳақи эканига имкон келтиришини билдирсада, "қайта тирилиш йўқ", "ота-она фақат туғилишга сабабчи бўлган инсон", "дин йўқ" ва шу каби хуник иддаоларни айтди. Бир-икки қуръон оятлари ва ҳадисларни келтириб, ўзининг тушунчасидан келиб чиқиб эътирозларини билдирди. Аллоҳ кечирсин. Саволим шундайки, ушбу ходим билан қандай муомала қилишни, ушбу ҳолатни ота-онасига айтишим жоизми билмай қолдим. Шайх ҳазратларининг "Иймон" номли китобларини совға қилдим (олди, лекин ўқимайман деб айтди). Ушбу ходимни Ислом динига қайтариш учун қандай ҳаракатлар қилишим мумкин?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ислом динига нисбатан қандай эътироз ёки шубҳалари борлигини сўраб олиб, ўшаларга бирма-бир жавоб бериш керак. Шунда жароҳатнинг ўрнини топиб муолажа қилган бўласиз. Бунга илмий салоҳиятингиз етса ўзингиз, етмаса бирор аҳли илм топиб ўшандан ёрдам олишингиз керак. Агар очиқ баҳсдан бош тортса, дин борасида сўзингизни тингламаса бундан ортиғига мажбур эмассиз. Ота-онаси ҳам ўғлига эргашиб кетишидан қўрқмасангиз, аксинча ўғлини исломга қайтаришга ҳаракат қилишларини билсангиз уларга вазиятни билдиринг. Валлоҳу аълам!

16 Октабр 2023, 11:18 | Савол-жавоблар | 0 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar