Закот унга бермайми?

Ассалому алайкум! Қўшним анча ночор, бошида эри йўқ, 4 та фарзандидан 2 та қизи турмушга чиққан, 2 та ўғлидан бирини ақлида нуқсони бор. Иккинчисини ўзи ва оиласини боқиши амри махол. Қўшнимизни ўзи касал, аввал закотни уларга чиқарар эдим. Ҳозирда бошим қотди, яқинда чўпча куйдириш, кишойиш каби бидъат ишларни ўзларига касб қилиб олибди. Закотни уларга чиқарайми ёки масжиддан ҳақлироқларни сўраб ўшаларга берайми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Динни яхши тушунмаганидан ёки шу ишларни диндан деб ўйлагани учун шундай қилгандир. Баъзан одамларни шу каби бидъатларни қилишларига ён қўшнилари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Сиз буни жоизмаслигини билар экансиз нега эртароқ тушунтирмадингиз? Шу билмасдан қилган иши учун юз ўгириб юборишингиз тўғри эмас. Улар билан алоқани янада яхши қилиб, кўп ва чиройли насиҳат қилиб бу ишлардан қайтаринг ва ёрдамингизни узиб қўйманг. Валлоҳу аълам!

29 Апрел 2022, 15:26 | Савол-жавоблар | 162 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar