Шия мазҳаби

Ассалому алайкум! Устозлар, мен ҳозир Туркиядаман, бу ерда шия мазҳаби кўп экан, мен аҳли сунна вал жамоаман. Лекин билмадим нега бу ерда аҳли сунани ёмон кўришади. Мен, уларнинг ёнида худди улар ўқиётгандай намоз ўқисам бўладими ёки уйда намоз ўқишим жоизми? Саволим ўринсиз бўлса минг бор узр. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Суннийларнинг масжидига боринг ёки суннийлар билан бирга ўқинг ёки алоҳида уйда ўқинг. Шиаларнинг сўйган жонлиқлари ҳақида уламоларимиз қуйидагиларни айтганлар : шиаларнинг сўйгани Савол: Шияларнинг сўйгани ҳалолми? Жавоб: Аслида бу эътиқодий масала бўлиб, аҳли сунна валжамоа уламолари номи шия бўлса ҳаммасини куфрга ҳукм қилмайдилар. Шия фирқасига мансуб бўлиб,   динда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан келтирилганига иймон келтириш зарур бўлган нарсалардан бирортасини инкор қилмаса, кофир дейилмайди. Шиалар ҳижрий биринчи асрдаёқ пайдо бўлган. Лекин уларда куфр даражасидаги эътиқод бўлмаган. Имоми Бухорийнинг ровийларидан йигирмадан ортиғи шиялардан бўлиб, куфрга олиб борувчи эътиқодда бўлмаганлари ва ўз фирқаларига тарғиб қилувчи бўлмаганлари учун уларнинг шиаликлари ҳадисларини олишга тўсиқ бўлмаган. Шунинг учун олдинги уламолар уларни куфрга ҳукм қилишмаган ва сўйишларини ҳалоллигида ҳам шубҳа қилишмаган. Лекин кейинчалик улардан эътиқодда ғулувга кетувчилари ҳам чиқди.
«Исно ашарийя» фирқасига мансуб шиалар «Қуръонни ўзгартирилган, ундан бир неча оятлар олиб ташланган» деб эътиқод қилишади. Тафсирул бурҳон номли китобларининг муқаддимасида шундай дейилган.
Уч тўрт саҳобийдан бошқасини кофир ва муртад санашади. “Равзаи кофи” номли китобларида Абу Жаъфардан ёлғон тўқишиб у киши : “Набий солаллоҳу алайҳи васалламдан кейин уч кишидан бошқаси муртад бўлишган” деган ривоят келтиришади.
Биҳорул анвор китобларида Ҳазрати Али ва ундан кейинги ўн икки имомни гуноҳлардан маъсум[1], итоатлари фарз ва анбиё алайҳимус саломлардан ҳам афзал дейишган. Бундай эътиқод уларнинг барча эътимод қилган китобларида мавжуд. Бундай эътиқод қилувчилар шубҳасиз мусулмон эмасдир ва уларнинг сўйгани ҳам ҳалол эмас. Уларга жаноза ҳам ўқилмайди ва мусулмонлар қабристонига кўмилмайди. Улардан бирортаси: “Мен бундай эътиқодда эмасман”, деса, улардан бароат яъни улар эътиқодига қаршилигини ҳамда уларни кофир деб билишини изҳор қилиши керак. Чунки уларда тақия деган нарса бор. Яъни улар ўз эътиқодини яшириш мақсадида ҳийла ишлатиб мен ундай эмасман деса бўлаверади дейишади. Қачонки у ундай эътиқоддаги кишиларни кофир деб биламан демас экан тақия қилаётган ҳисобланади.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари бундай эътиқоддагилар ҳақида куйидагиларни айтишган. «Рофизийларни «Ўликлар дунёга қайтишади..... ва Жаброил алайҳиссалом ваҳийни Алийга олиб келишда хато қилиб Муҳаммад  солаллоҳу алайҳи васалламга олиб келган» деган гаплари туфайли куфирга ҳукм қилиш вожибдир. Улар исломдан ташқаридир. Улар муртаднинг ҳукмидадир[2]. Шиалардан ким юқорида келтирилгандек эътиқодда бўлса, уларни куфирга ҳукм қилинмасдан иложи йўқ. Сўйганини ҳам ейилмаслигида шак йўқ[3]. [1] Асло гуноҳ қилишмайди. [2] Фатавои татархония. [3] Инъомул Борий. Муҳаммад Тақий Усмоний.

30 Апрел 2022, 09:17 | Савол-жавоблар | 183 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar