Уят ва ҳаяжонни eнгиш

Ассалому алайкум! Кўпинча шариатда камгапликка тарғиб бор. Яъни бeфойда ва гуноҳ гапларлардан тийилишга. Лeкин ҳозирда одамлар кўчада ҳудди шунақа бeфойда, бeмано ва гуноҳ гапларни гапиришади. Улардан тийилиш мақсадида уларни тарк қилиш кeрак, ҳeч бўлмаганда уларни олдида жим туриш кeрак. Одам кам гапиргани ёлғиз қолгани сайин унда уят ҳаяжон пайдо бўлади. Динимизда одамлардан уялиш ва ҳаяжонланиш ҳамда уларни қандай қилиб йeнгиш ҳақида ҳадислар ёки ҳикматлар борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Уялишнинг ҳаммаси ҳам яхши. عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ: إِذَا لَمْ تَسْتَحِي فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ Абу Масъуд Уқбадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер» (деган гап) одамларга етиб келган нубувват сўзларидандир», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги гап барча набийлар, аввалгилару охиргилар, ҳамма-ҳамма иттифоқ қилган ва яхши деб билган маънолардан бири экан. Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Ҳаё бирча набийларга муштарак сифат бўлган нарсадир. Ҳаё айнан иймон эмас. Аммо ҳаё бўлмаса, иймон ҳам комил бўлмайди. Бас, ҳаё иймоннинг шўъбаларидан биридир. Ҳаё мўмин-мусулмонларнинг мақталган сифатларидандир. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳаё ҳар бир одам учун лозим ва лобуд нарсадир. Ҳаё бўлмагандан кейин ҳар қандай гап ортиқча бўлади. Уятсиз, бешарм, беҳаё одам нима қилса қилаверсин. Зеро, унинг иймони ҳам ишончсиздир. Ҳар бир мўмин, ҳар бир мусулмон шарм-ҳаёли бўлиши лозим. Мўмин-мусулмон киши ношаръий, одобдан ташқари ишлар қилишдан ҳаё қилиши табиий бир ҳолдир. Маъсиятлар ҳаёни кетказади. Маъсиятларнинг касофатларидан бири қалб ҳаёти моддаси бўлган ҳаёни кетказишидир. Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Маъсиятлар аста-секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسِتُّونَ - أَوْ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ – شُعْبَةً، أَفْضَلُهَا لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيَمانِ Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон олтмиш нечта ёки етмиш нечта шўъбадан иборатдир. Уларнинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ»дир ва энг кичиги – йўлдаги озор берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё – иймондан бир шўъбадир», дедилар». عَنْ أَبِي سَعِيدٍ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَشَدَّ حَيَاءً مِنْ عَذْرَاءَ فِي خِدْرِهَا، وَكَانَ إِذَا كَرِهَ عَرَفْنَاهُ فِي وَجْهِهِ Абу Саъиддан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам парданишин қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билиб олар эдик». (“Адаб ал-Муфрад” китобидан). Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 06:29 | Савол-жавоблар | 198 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar