Насия рибоси

Ассалому алайкум! Насия рибоси хақида малумот берсангизлар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Рибо нима? Рибо луғатда “кўпаймоқ, зиёда бўлмоқ” маъноларини билдиради. Исломий фиқҳда “рибо” икки ҳил муомалада бўлади. Бири қарз олди бердисида ва иккинчиси савдода.
1. Қарз олди бердисидаги “рибо”дан мурод бирор кишига шундай шарт билан қарз бериладики, олган киши ўша қарзни асл миқдоридан зиёда қиймат билан қайтаради. Қарз бериш вақтида келишилган зиёда миқдор рибо бўлиб, ўзбек тилида “фоиз” рус тилида “пеня” урду тилида “суд” дейилади. Исломдан аввалги жоҳилият замонасида қарз бериш кўринишидаги рибо жуда ривожланган бўлиб, Қуръонда уни катта гуноҳ эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳам уни “Рибал Қуръон”, яъни Қуръонда зикр қилинган рибо ёки “Рибаал жоҳилия”, яъни жоҳилият замонасидаги рибо дейдилар.
2. Рибонинг савдодаги тури ҳамжинс бўлган нарсаларни ўзаро олди берди қилганда бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом олти хил нарсани ҳамжинс ҳолатида ўзаро алмаштиришда бир томоннинг кўпроқ олишини ёки насия қилишини рибо эканлигини айтиб бундан қайтарганлар. عَنْ مَالِكِ بْنِ أَوْسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ: الْتَمَسْتُ صَرْفًا بِمِائَةِ دِينَارٍ، فَدَعَانِي طَلْحَةُ بْنُ عُبَيْدِ اللهِ فَتَرَاضوْنَا حَتَّى اصْطَرَفَ مِنِّي، فَأَخَذَ الذَّهَبَ يُقَلِّبُهَا فِي يَدِهِ، ثُمَّ قَالَ: حَتَّى يَأْتِيَ خَازِنِي مِنَ الْغَابَةِ وَعُمَرُ يَسْمَعُ، فَقَالَ: وَاللهِ لَا تُفَارِقُهُ حَتَّى تَأْخُذَ مِنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Молик ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Юз динорни сарф қилмоқчи – алмаштирмоқчи бўлдим. Бас, мени Толҳа ибн Убайдуллоҳ чақирди. Икковимиз келишдик ва у менга алмаштириб берадиган бўлди. Тиллани олиб, қўлида айлантириб туриб, «Хазиначим ўрмондан келсин», деди. Буни эшитиб турган Умар:
«Аллоҳга қасамки, ундан олгунингча ажрамай тур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тиллага тилла 
(алмаштириш) рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Буғдойга буғдой рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Арпага арпа рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Хурмога хурмо рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно», деганлар», деди».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Мазкур олти ҳил нарса қуйидагилардан иборат;
1.Буғдой.
2. Арпа.
3. Туз.
4. Хурмо.
5. Олтин.
6. Кумуш.
Шунинг учун ҳам буғдойни буғдой эвазига сотишда иккала томонники баробар бўлиши лозим. Масалан бир кило буғдой эвазига бир кило буғдойни сотса жоиз. Аммо бир кило буғдой эвазига икки кило буғдойни сотса жоиз бўлмайди. Чунки, бир килодан ортиғи рибо ҳисобланади. Қолган бешта нарсанинг ҳукми ҳам шундай бўлади. Савдодаги ушбу рибони “Рибаал фазл” яъни ортиқча фойиз эвазига сотиш дейилади.
Савдодаги рибонинг иккинчи сурати шуки, унда мазкур олтита нарсалардан бирини бошқа жинсдаги эвазига сотилганда бир томон насия қилинади. Масалан буғдойни арпа эвазига ёки тиллани кумуш эвазига яъни, бир кило буғдой эвазига икки кило арпа ёки бир динор эвазига ўн дирҳам сотилса, бу жоиз. Аммо насия қилинса, жоиз бўлмайди. Яъни савда нақдма-нақд бўлиши лозим. Агар бир кило буғдойни икки кило арпага насияга сотилса, рибонинг бир шакли бўлади. Буни “Рибан насия” яъни насия фойиз эвазига сотиш дейилади.
“Рибал фазл” ёки “Рибан насия” нинг юқорида зикр қилинган суратларини “Рибаал ҳадис” яъни ҳадисда зикр қилинган рибо ҳам дейилади. Чунки, бундай кўринишдаги рибонинг ҳаромлиги ҳадис воситасида маълум бўлган.  
“Рибал фазл” ёки “Рибан насия” нинг юқоридаги зикр қилинган суратларини ҳаром бўлишини ҳикмати шуки, унда “Рибал қарз” яъни қарз бериш кўрнишидаги рибони эшикларини ёпишдир. Чунки, бу суратдаги олди бердилари қарз рибосига олиб боради.
Бу икки суратдаги олди берди қандай қилиб “ қарз рибоси” га олиб бориши мумкин?
Буни билиш учун олдинги замондаги кишиларнинг ҳолатларига эътибор қилиш лозим. Олдинги замонда одамлар рупия ёки мутлоқ қоғоз пул ўрнига тилла ва кумушлар билан тижорат қилганлар. Ундан ҳам олдинроқ замонда эса бартер, яъни турли ҳил нарсаларни бошма-бош алмаштириш йўли билан тижорат қилганлар. Қачонки Қуръони Каримда рибони ҳаром эканлиги баён қилинганда кишилар “Бундан мурод фақат қарз бериш кўринишидаги муомалада ортиқча фойизни олиш ҳаром” яъни, бир киши бошқа кишига юз динор тилла қарз бериб, берган динорини ўзини олса жоиз бўлади. Аммо, устига ўн динор қўшиб олса рибо ҳисобланади, деб тушунганлар. Бу билан бирор киши ҳийла қилиб қарз бериш ўрнига “Ушбу юз динорни сенга бир юз ўн динор эвазига насияга сотдим”-деса ёки юз динорнинг нархи минг дирҳамга баробар бўлиб “Нақд юз динорни бир минг икки юз дирҳамга насияга сотдим”-деса жоиз бўлади дейишлари мумкин эди. Бундаги фарқ қарз бериш ва сотиш сўздагина ифодаланиб амалиёт битта, яъни устига устама олиш мақсад қилинган бўлади. Шунинг учун шариъат бу икки суратдаги олди-бердини судхўрликка восита бўлгани учун уларни жоиз эмас, деб баён қилган.
Шунингдек тилла ва кумушдан ташқари қолган тўртта нарса, яъни буғдой, арпа, туз ва хурмолар борасида ҳам шу ҳукм жорий қилинган. Буларнинг бир ҳил жинслиларини олди берди қилганда, ортиқчаси ва бирини бошқа жинслисига олди берди қилганда эса, насияси жоиз эмас. Чунки, кишилар зарурат сабабли тилла ва кумушдан ташқари бошқа нарсаларни ҳам бартер кўринишида ўзаро олди берди қилганлар. Одамлар юқоридаги тилла ва кумушни мисоли каби қолган тўрт нарсада ҳам ҳийла қилмасликлари учун шариъат унинг жоиз эмаслигини баён қилган.
Одамлар тилла ва кумушдан ташқари мазкур тўртта нарсанинг бир ҳил жинслиларини ўзаро олди-берди қилганларида ақлан жоиз санаб масалан “Бир кило олий навли хурмони икки кило паст навли хурмога алмаштирса бўлади. Бу суратда паст навли хурмонинг қўшимча бир килоси олий навнинг нави олийлигига эваздир”-дейишлари мумкин. Бундай қилишлари мумкин эмас. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур нарсаларни олди-берди қилишда сифати эътибор қилинмаслигини айтиб ўтганлар. Яъни, тилла ва кумуш бўлган динор ва дирҳамнинг янги ёки эскилиги эътибор қилинмаганидек, қолган тўртта нарсани ҳам ўзаро олди-берди қилинганда уларнинг сифатлари эътибор қилинмайди. Шунинг учун ҳам бир ҳил жинслиларни олди-берди қилганда баробарлик талаб қилинади. Бошқа бошқа жинсли нарсаларни олди-берди қилганда эса, ортиқчасини олиш жоиз аммо, насия қилиш жоиз эмас. Масалан, бир кило буғдойни икки кило арпа эвазига ёки ўн динорни юз дирҳам эвазига нақдма-нақд олди-берди қилиш жоиз аммо насия қилинса жоиз бўлмайди.
Шу ўринда бир неча савол пайдо бўлади. Рибол фазлнинг ҳукми фақат мазкур олтита нарсага хосми? Ёки ундан бошқа нарсаларга ҳам ўша ҳукм жорий бўладими? Масалан гуручни гуруч эвазига алмаштирилганда ҳам ортиқчаси ва насияси ножоизми? Агар бу каби бошқа турли нарсаларга ҳам шу ҳукм жорий бўлса, бу борада қандай меёр бор?
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг наздида килолаб ёки литрлаб сотиладиган нарсалар мазкур ҳукм остида бўлади. Шунинг учун ҳам ададий, яъни доналаб ёки метрлаб сотиладиган нарсалар бу ҳукмда бўлмайди. Масалан, гуруч каби килолаб сотиладиган нарсалар шу ҳукмда бўлади. Китоб каби доналаб сотладиган нарсалар эса, бу ҳукмда бўлмайди.
 Демак, “рибол фазл” ёки “рибон насия” ҳукми жорий бўладиган нарсаларни фиқҳий истилоҳда “амволу рибовий” яъни, ўзаро олди-берди қилинганда ортиқча ёки насия қилинса, рибога таалуқли бўлиб қоладиган мол, дейилади. Валлоҳу аълам!

3 Май 2022, 00:43 | Савол-жавоблар | 172 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar