Жинлардан қутилиш

Ассалому алайкум! Биз чет давлатга яқинда учиб келдик, битта хонага жойлашдик, у ерда кечаси хар хил овозлар чиқияпти балким бизга туюляпти яна билмадим лекин аниқ шу нарса мавжуддек гўё, эшитишим бўйича бу давлатда шундай нарсалар бор. Шунақа пайтда қанақа дуо ёки сура ўқиш керак ва у нарсадан қандай қутилса бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! “Бақара” сурасини ўқинглар. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: لَا تَجْعَلُوا بُيُوتَكُمْ مَقَابِرَ، وَإِنَّ الْبَيْتَ الَّذِي تُقْرَأُ فِيهِ الْبَقَرَةُ لَا يَدْخُلُهُ الشَّيْطَانُ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уйларингизни қабрга айлантирманглар. Албатта, «Бақара» сураси ўқиладиган уйга шайтон кирмайди», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифлар ҳам Қуръони Каримнинг ва «Бақара» сурасининг фазлини яна ҳам бошқачароқ васф қилмоқда.
Барча одамлар уйларининг обод бўлиши, уларнинг қабристонга ўхшаб қолмаслиги учун ҳаракат қиладилар. Бу мақсадни амалга ошириш йўлида турли-туман ишлар, сарф-харажатлар қиладилар.
Ушбу мақсадни амалга оширишнинг энг қулай, баракали ва арзон йўли ушбу ҳадиси шарифда баён қилинган экан. Ҳар бир мусулмон киши ўз уйи обод бўлиши, қабрга ўхшаб қолмаслиги учун уйида «Бақара» сурасини ўқиб турса бўлди экан.
Кишилар ўз уйларининг омонлик қўрғони бўлишини жуда ҳам истайдилар. Уйда истиқомат қилувчиларнинг барчаси тинч-омон ва хотиржам бўлишлари учун барча имкониятларни ишга соладилар. Айниқса, жину шайтонларнинг ёмонлигидан эҳтиёт бўлишга алоҳида аҳамият берадилар.
Бу мақсадга эришишнинг осон ва қулай йўли ҳам ҳар ким ўз уйида «Бақара» сурасини ўқиб туриши экан. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

3 Май 2022, 15:29 | Савол-жавоблар | 198 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar