Инсонни инсонга сажда қилиши ҳақида ҳадис борми

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Инсонни инсонга сажда қилиши мумкин бўлганда, хотинни эрига сажда қилишига буюрган бўлар эдим" деган ҳадислари борми? Агар у бор бўлса тўлалигича қандай айтилган? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Шундай ҳадис бор. عَنْ قَيْسِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ الْحِيرَةَ فَرَأَيْتُهُمْ يَسْجُدُونَ لِمَرْزُبَانٍ لَهُمْ، فَقُلْتُ: رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَحَقُّ بِذَلِكَ، فَأَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ لَهُ ذَلِكَ، فَقَالَ: أَرَأَيْتَ لَوْ مَرَرْتَ بِقَبْرٍ أَكُنْتَ تَسْجُدُ لَهُ؟ قُلْتُ: لَا، قَالَ: فَلَا تَفْعَلُوا، لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأَمَرْتُ النِّسَاءَ أَنْ يَسْجُدْنَ لِأَزْوَاجِهِنَّ لِمَا جَعَلَ اللهُ لَهُمْ عَلَيْهِنَّ مِنَ الْحَقِّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ والْحَاكِمُ التِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأَمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا  Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳийрога бориб, уларнинг Марзубонларига сажда қилаётганларини кўрдим. (Ўзимча) бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, дедим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у зотга айтдим. Шунда у зот:
«Айт-чи, бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилармидинг?» дедилар.
«Йўқ», дедим.
«Ундай қилманглар! Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, Аллоҳ уларга 
(эрларга) улар (хотинлар) устидан берган ҳақнинг сабабидан аёлларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар».
Абу Довуд, Ҳоким ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида:
«Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, хотинни эрига сажда қилишига амр қилган бўлур эдим», дейилган.
Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.
Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса, оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи зарур. Шу билан бирга, Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам доимо ёдда тутиш керак. ("Бахтиёр оила" китобидан). Таъзим қилишда ҳаддан ошмаслик Сажда ёлғиз коинот Холиқининг ҳаққидир, Ундан ўзга юлдузу, инсону, қуёшу ва унга ўхшашларнинг бирортасига сажда қилиш ҳаромдир. Сажда хоҳ ибодат ниятида бўлсин хоҳ таъзим ва икром ниятида бўлсин умматнинг ижмоъси ила ҳаромдир. Ибодат ниятида ўзгага сажда қилиш билан таъзим ва икром учун сажда қилиш орасидаги фарқ шуки, Аллоҳ таъолодан ўзгага сажда қилса кофир бўлади.Таъзим ва икром ниятида сажда  қилувчи кофир бўлмасада, ҳаром ишга қўл уриб фосиққа ҳукм қилинади. Ибодат ниятида Аллоҳ таъолодан ўзгага сажда қилиш бирор бир уммат ва бирор бир шариатда ҳалол эмасдир. Чунки бундай қилиш ширк ҳисобланиб, барча анбиё ва расуллар ундан қайтарганлар. Таъзим ва икром саждаси эса аввалги анбиё ва расуллар шариатида жоиз бўлиб, Одам алайҳиссалом дунёга келишларидан олдин Аллоҳ таоло фаришталарни у зотга сажда қилишга буюрган. Юсуф алайҳиссаломнинг ота ва акалари ҳам унга сажда қилганлари Қуръони Каримда зикр қилинган. Бу сажда биздан олдинги шариатда бўлиб, Исломда уни мансуҳ(бекор) қилинганлигига умматнинг барчаси иттифоқ қилганлар. “Аллоҳ таолодан ўзгага сажда қилиш мутлақ ҳаром” деб ҳукм чиқарганлар. وَمِنْ آيَاتِهِ اللَّيْلُ وَالنَّهَارُ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ لَا تَسْجُدُوا لِلشَّمْسِ وَلَا لِلْقَمَرِ وَاسْجُدُوا لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَهُنَّ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَКечаю кундуз, қуёшу ой Унинг оят(белги)ларидандир. Бас, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманг. Уларни яратган Аллоҳга сажда қилинг. Агар Унгагина ибодат қилмоқчи бўлсангиз. (Фуссилат сураси, 37-оят).Ислом шариати қўл бериб кўришишга рухсат берган. Аллоҳ таолонинг ибодатини қилаётган ҳолатдаги кўринишлардан рукуъ, сажда, қиёмда қўл боғлаб туриш каби ҳаракатларни Аллоҳ таолодан ўзгалар олдида қилишдан қайтарган. فصل [حكم الانحناء عند التحية] وأما الانحناء: عند التحية فينهى عنه؛ كما في الترمذي «عن النبي صلى الله عليه وسلم، أنهم سألوه: عن الرجل يلقى أخاه [أ] ينحني له؟ قال: لا (2)»( مجلة البحوث الإسلامية)Салом бериш вақтидаги эгилишнинг ҳукми тўғрисида келган фаслда: “Салом бераётган вақтда эгилиб салом беришдан қайтарилган. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Киши биродарига йўлиққанда (саломлашиш учун) унга эгилса бўладими?” деб сўрадилар. Шунда у зот “Йўқ” дедилар (“Мажаллатул буҳусил исламия”).Юқорида айтилганлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, инсоннинг инсонга икром ниятида қилган таъзими инсоннинг Аллоҳга қиладиган ибодат таъзими суратида бўлмаслиги керак. Ҳозирги кунимизда ҳам ўзбекларнинг урф-одатларига қўшилиб кетган баъзи бир урфлар бор. Масалан, “келин салом”даги келиннинг бошқаларга таъзим қилиши ҳам худди намозда Аллоҳ таолога рукуъ қиладиган даражада эгилишга ўхшайди. Келиннинг бошқаларга таъзим шаклидаги саломи халқимизнинг чиройли ва ўзига хос одатларидан бўлсада, таъзимда рукуъ даражасигача эгилмасликка эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам!Муҳаммад Шафиъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ  “Аҳкамул Қуръан”Таржимон: Абдулманнон Қосимий

3 Май 2022, 23:30 | Савол-жавоблар | 169 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar