Маййит кўмилганидан кейин

Ассалому алайкум! "Бир одамни ота-онаси вафот килса ва майит ерга қўйилгандан кейин, одамлар 7 қадам силжигандан кейин, фарзанди уни хақига тиловат қилса, майитнинг савол-жавоби осон бўлади ва қабр азобидан қутилади" деган мазмунда хадис борми? Бўлса тўлиқроқ берсангиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Хадисда қуйидагича келади: عَنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا فَرَغَ مِنْ دَفْنِ الْمَيِّتِ، يَقِفُ عَلَيْهِ، وَقَالَ: اسْتَغْفِرُوا لأَخِيكُمْ، وَاسْأَلُوا اللهَ لَهُ التَّثْبِيتَ، فَإِنَّهُ الآنَ يُسْأَلُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ  Усмон розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитни дафн қилиб бўлгач, бироз турардилар ва “Унга истиғфор айтинглар, Аллоҳдан унга сабот сўранглар, зеро у ҳозир сўроқ қилинади”, дер эдилар”.
Абу Довуд ва Байҳақий ривояти.
Шунингдек, уламолар қабр устида Қуръон тиловати қилишни ҳам яхши санаганлар. Бизда эса “Мулк” сурасини қироат қилиш одат бўлган. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У (Таборак сураси) манъ қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради”, деганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

4 Май 2022, 06:36 | Савол-жавоблар | 165 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar