Ёрдам берсам яхши муомала қилмайди

Ассалому алайкум! Мани бир қўшним бор ёрдамга мухтож, буни билиб тураман, виждоним қийналади ёрдам қилиб тураман. Ўзлари 5 киши эр хотин ва 3 фарзанди бор. Фарзандларидан бири 10-синифда ўқийди, қолган иккиси котта ёшда. Бириси аёл. Яхшилик қиласизу доимий норизо қиёфада туради, салом берсез алик олишни хам хохламайди, гохида асабийлашаман бу қилиғларидан, Аллоҳни таниганим учун ха майли деб қўявераман. Сўромоқчи бўлган нарсам, ўзларида харакат йўқ интилиш йўқ нима қилишга хайронман. Ёки шунда хам ёрдам қилавериш керакми? Ўзимга қолса ортиқча маблағим хам йўқ, бировга тарқатгани, оилада ўзим ишлайман 2 фарзандим бор. Шунга ойдинлик киритиб олишим керак эди.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло баъзи бир ишларга улуғ ажр-савобларни ваъда қилган. Шулардан бири қийналган мўминларга ёрдам беришдир. Аллоҳ таоло банданинг бу ишни Ўзининг розилиги учун қилганми ёки йўқлигини ўзини оғзидан чиқартириб қўяди ва мақсадини ўзига билдириб қўйиш учун қаттиқ синовларга дучор қилади. Натижада ёки бу ишни Аллоҳ учун қилганлиги, ёки ўзининг манфаати учун қилгани маълум бўлади. Аввало ҳар бир яхши ишни қилишдан аввал ниятни гўзал қилиш керак. Ишни қилиб бўлганидан кейин синовга дучор бўлганида “Мен бу ишни Аллоҳ учун қилганман, савобини ҳам Аллоҳдан умид қиламан” дейиши керак. Яхшилик қилувчи яхшилик қилинган инсондан заррача ҳам нарсани умид қилмаслиги керак бўлади. Мабодо яхшилик қилинган томонидан синов ва имтиҳонларга учраса, “Сенга шунча яхшилик қилгандим, сендан кўрганим шу бўлдими” каби гаплар билан амалини ҳабата қилиб қўймасин. Бундай ҳолатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ва Аллоҳ тавфиқ берган зотлар Аллоҳ таолонинг “Инсон” сурасидаги оятларига амал қилганлар.  وَيُطْعِمُونَ الطَّعَامَ عَلَى حُبِّهِ مِسْكِينًا وَيَتِيمًا وَأَسِيرًا۝ 8. Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар.  إِنَّمَا نُطْعِمُكُمْ لِوَجْهِ اللَّهِ لَا نُرِيدُ مِنكُمْ جَزَاء وَلَا شُكُورًا۝ 9. «Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун таомлантирамиз. Ва сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз.
Демак, чин мўмин иккинчи бир биродарига яхшилик ёки ёрдам қилганида фийсабилиллаҳ, яъни Аллоҳ йўлида қилмоғи лозим экан. Қилган яхшилиги эвазига тама талаб қилиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ва ул бандани мунофиққа айлантирадиган амаллардандир. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

5 Май 2022, 16:24 | Савол-жавоблар | 153 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar