Имомларни ёмонлаш

Ассалому алайкум! Агар қадрдон дўстлар даврасидаги сухбатда дўстлардан бири Ўзбекистондаги 100% хамма имомлар сотқин деса ва унинг фикрини бошқа яна бир дўст мақуллаб: "ҳа тўғри, масалан иккинчи никоҳни ўқитмоқчи бўлсанг дарров сани сотади" - деса, мен уларнинг фикрига қарши чиқиб яхши имомлар ҳам борлигини айтсам ва улар ўз гапида туриб олиб фикрини ўзгартирмаса мени улардан ҳафа бўлишим жоизми? Бу ишлари учун кўз юмиб яна ҳеч нима бўлмагандек гаплашиб кетайми ёки бошқа йўли борми? Бундай инсонларга қандай маслахат бера оласизлар? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳиндистонда аҳли сунна вал жамоа уламоларидан Ашраф Али Таҳонавий деган киши ўтганлар. Худди шунингдек ўша даврда Аҳмад Ризохон деган бир олим инсон ҳам ўтганлар. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ 20 асрнинг дин устунларидан, бир яримминга яқин китоб ёзган, миндан ортиқ олим, муфтий, Аллоҳга муқарраб бандаларни етиштириб чиқарган устоз ҳисобланади. У кишининг сабабидан ҳозирги кунга келиб 10 минга яқин мадрасалар қурилган. Милионлаб инсон тавба қилиб ҳидоят топган. Битта шогирдининг ўзини 10 милиондан ортиқ шогирдлари бор. Қолганлари қандай бўлганини шундан андоза қилиб тушиниб олсангиз бўлади. Аҳмад Ризохон раҳматуллоҳи алайҳ эса ўша даврдаги аҳли илмлардан деб танилган киши бўлиб, кўпроқ бидъатга берилган. Шу инсон Ашраф Али Таҳонавий ва у кишининг устоз ва шогирдлари ҳамда у киши билан бир хил фикрдагиларни куфрга ҳукм қилган. Шундай бўлсада бир оми киши Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига келиб Аҳмад Ризохон раҳматуллоҳи алайҳ тўғрисида гап бошлаб : “Аҳмад Ризохон мана бундай деди” деб Аҳмад Ризохон раҳматуллоҳи алайҳ исми ёнига устоз ёки домла ёки мулла каби эҳтиромга далолат қилувчи сўзни қўшмади. Шунда Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ “Гарчи у киши бизни кофирга ҳукм қилган бўлса ҳам бидъат ишларга тарғиб қилган бўлса ҳам бу бизни ўртамиздаги ишдир. Сен у кишини таҳқирлаб тилга олишга ҳаққинг йўқ. Ҳаддингни бил” деб огоҳлантирганлар. Худди шунингдек биз ҳам туғилиб олим бўлиб қолган эмасмиз ёки ҳамма масалани ҳам ўзимиз китобдан ўқиб ўрганган эмасмиз. Жуда кўп масалаларни ўзимиз хоҳламасакда ўша домлалардан эшитиб ўрганганмиз. Битта ҳаром ва ҳаром каби динимизга алоқадор масала ўрганган бўлсак ҳам зиммамизда уларнинг устозлик ҳаққи бор. Фосиқ бўладими, солиҳ бўладими уларнинг устидан Аллоҳ ҳукм чиқаради. Биз ҳаддимизни билишимиз керак. Ҳеч бўлмаса ўша имом домлалар туфайли ота-она ва яқинларимиздан ўтганлари бекафан, бежаноза қолмаганларини тан олиб уларни ҳурматини қилайлик. Уларни бизни зиммамизда шунчалик ҳам ҳаққи йўқ дейиш бу нонкўрлик бўлса керак. Ҳикматда “Хуз маа софаа, ва даъмаа кадар” яъни уларни гаплари ва ишларидан тозасини олгину, кирига булғанмагин дейилган. Улар қиёмат куни бўлганда яхши ва ёмон ишларидан албатта Аллоҳга ҳисоб беришади. Уларни ғийбат қилганлар эса ғийбат қилганларидан жавобгарликка тортиладилар. Ҳозирги тил билан айтганда гени тоза инсонлар бу каби бировни гўштини ейиш, ғийбат қилиш билан шуғулланмайдилар. Ҳажжожни тарихда энг кўп зулм қилганлардан деб зикр қилинган. Шундай бўлсада уламоларимиз уни ғийбат қилганларга “Ҳажжож зулмига Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради, уни ғийбат қилганлар ҳам уни ғийбат қилганлигидан жавоб беришади” деганлар. Агар мажлисларда ўтириб олиб аҳли илмлар ҳақида қилинган ғийбатлар, улар ҳақида қилинган бахс мунозараларга кетган вақтча уларни ҳаққига тавфиқ сўраб дуо қилинганида эди шак-шубҳасиз “мусулмонни ғайбда турган биродарига қилган дуоси ижобат” деган ҳадисга мувофиқ(агар ўша бахслашувчилар ўзларини пок, дуоси ижобат инсон деб билсалар) олам гулистонга айланиб кетар эди. Ҳали ҳам кеч эмас. Ғийбат, баҳс ва мунозарани ҳамманинг ҳаққига қилинадиган дуоларга ўзгартирайлик. Валлоҳу аълам!

6 Май 2022, 10:23 | Савол-жавоблар | 180 | Таълим ва мутаъаллим
|
Boshqa savol-javoblar