Ахли сунналар хақида умумий гаплар

Ассалому алайкум! Устоз шу ерда ахли сунналлар деб ёзилгани жойи ва умимий шу ердаги ёзилган малумотлар ва шу муаллиф одам тугри этикод бн ёзганми    Калом масаласидаги айтилган гаплар ўнтага етади. Уларнинг ҳаммасини зикр қилиб гапни чўзиб ўтирмаймиз. Фақат аҳли сунна ва жамоатнинг ақийдасини зикр қилиш ила кифояланамиз. Улар суннат ва ҳадис уламоларидир. Ўша гапларнинг тўққизинчиси:    «Аллоҳ таоло қачон хоҳласа, қандоқ хоҳласа гапирувчидир. У зот эшитиладиган овоз билан гапирадир. Агар муайян овоз қадимий бўлмаса ҳам, каломнинг тури қадимийдир. Аҳли сунна ва жамоадан ривоят қилингани шудир».    Хулоса қилиб айтганда, тўрт мазҳаб аҳлларидан бўлмиш аҳли сунналар ва улардан бошқа ўтгану қолганлар ҳаммаси Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмаслигига иттифоқдирлар. Қуръон У зотнинг гапирган каломидир. У ўз зоти ила қоим бўлгандир. Имом ат-Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг:    «У зот субҳанаҳу ва таолонинг хоҳлаган вақтида, хоҳлаган шаклида гапирувчилиги бардавомдир ва У зотнинг каломининг тури қадимийдир», деган гаплари шунга далолат қилади. Шунингдек, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг «ал-Фиқҳул Акбар»даги:    «Қуръон мусҳафларда ёзилгандир, қалбларда ёд олингандир, тилларда ўқилгандир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилингандир, бизнинг Қуръонни талаффуз қилишимиз махлуқдир. Қуръоннинг ўзи махлуқ эмасдир», деган гаплари ҳам шунга далолат қилади.    Муаллифнинг: «ва уни ҳақиқатда Аллоҳнинг каломи, деб қаттиқ ишондилар. У одамларнинг каломига ўхшаб махлуқ эмасдир», деган гаплари мўътазилий мазҳабидагиларга раддиядир. Чунки улар Аллоҳнинг каломи одамларнинг каломига ўхшаб махлуқдир, деб даъво қиладилар».    Мўътазилий мазҳаби Қуръони Каримнинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги масаласида мусулмонлар жумҳури эътиқодига мос бўлмаган эътиқодга бордилар ва уни шиор қилиб кўтардилар. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг каломи собитлиги, бу маънонинг анбиёлардан мутавотир йўл ила нақл қилинганида ва Аллоҳ таолонинг гапирувчи эканлиги каби масалаларда мусулмонлар жумҳури билан бир фикрдалар.    Сўнгра мўътазилийлар Аллоҳ таолога нисбат берилган калом У зот Ўзидан бошқада, мисол учун лавҳул маҳфуз ёки Жаброил фариштада халқ қилган овоз ва ҳарфлардан иборатдир. У эса янги пайдо бўлган бўлиб, қадим эмасдир, дейдилар. Уларнинг фикрича, Аллоҳ таолонинг калом сифати йўқдир.    Аҳли Сунна ва Жамоа мазҳаби бўйича эса, мўътазилийлар айтган гаплардан ташқари айтилмаса ҳам нафсда мавжуд калом бўлади. Ана ўша нафсдаги мавжуд сифатдир. У илм ва иродадан бошқа алоҳида нарсадир. Бу сифат Аллоҳ таолонинг зотидаги қадимий сифатдир. Ана ўшани Аллоҳнинг калом сифати дейилади.    Мўътазилийлар Аллоҳ таолога калом деган қадимий сифат нисбатини бермайдилар. Уларнинг фикрича, аҳли сунна ва жамоа, калом, деб айтаётган нарса агар хабардан иборат бўлса, илм сифатига, амр ёки наҳийдан иборат бўлса, ирода сифатига оид нарсадир.    Уларнинг фикрича, нафсдаги калом деган нарса йўқ. Лафздаги калом эса махлуқдир. Қуръони Карим ҳам лафзда айтилган бўлгани учун махлуқдир.    Аҳли сунна ва жамоа уламолари мўътазилийларнинг бу гапини қаттиқ рад қилдилар. Чунки бу гап Қуръони Каримни оддий гаплар даражасига тушириб қўяр эди.    Икки томон орасидаги бу тортишув охир-оқибат ислом оламидаги катта фитнага айланди. Тарихдаги энг афсусланарли ҳодисалардан бирига айланган бу фитнанинг асосий сабабчилари мўътазилийлар эди.    Мўътазилий мазҳаби тарафдорлари ҳукуматга яқин бўлиб олиб, кўп бузғунчиликлар қилдилар. Уларнинг ўша даврдаги бошлиқларидан бири Ибн Абу Довуд халифа Маъмунга одамларни мажбур қилиб «Қуръон махлуқ» деб айттиришга уринди.    Унинг маслаҳати билан халифа Маъмун волийларга аҳли сунна вал жамоа уламоларини ҳақоратлаб хат ёзди. Уларни ҳукумат қароргоҳларига олиб келиб «Қуръон махлуқ» деган гапни айттиришни, уни бажармаганларни эса жазолашни ташкил қилди.    Мусулмонлар улкан фитнага учрадилар. Ислом ақийдаси бузилиши хавфи туғилди.    Бағдодда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бошчилигида уламолар бунга қаттиқ қаршилик кўрсата бошладилар. Улар илмий мунозараларда мўътазилийларни шарманда қилишар эдилар. Буни сезган халифа Маъмун Бағдоднинг еттита атоқли олимини ўз ҳузурига юборишни амр қилди. Уларни мажбур қилиб, эътирофларини олди ва ҳаммага эълон қилди. Шу билан Имом Аҳмаднинг қанотини кесмоқчи ва шавкатини синдирмоқчи бўлди.    Лекин Имом Аҳмад бу фитнага қарши салобатли тоғдек маҳкам турдилар. У киши ўз илмлари билан халқ орасида фитначиларни ҳужжат ва далиллар билан шарманда қилиб, довдиратиб қўйдилар.    Шунда Маъмун ўзи турган Турмус шаҳрига Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Нуҳни юборишни амр қилди.    Олимларнинг қўлларини кишанлаб, беҳурмат қилиб олиб кетишди. Аммо улар йўлдалик пайтида халифа Маъмун вафот этди. Олимларни кишанланган ҳолларида Бағдодга қайтаришди. Йўлда Ибн Нуҳ вафот этдилар. Имом Аҳмад у кишини ўзлари ювиб, жаноза ўқиб, кўмдилар.    Имом Аҳмадни эса янги халифа тайин бўлгунча қамаб қўйишди. Янги халифа ҳам эскисининг йўлини тутди. Акаси Маъмуннинг васиятига амал қилган халифа Мўътасим ҳам фитна йўлини давом эттирди.    Имом Аҳмадни икки йилдан ортиқ, аниқроғи йигирма саккиз ой қамоқда ушлаб қийнашди, аммо иродасини бука олмадилар. Имом Аҳмаднинг эътирофлари кўпчиликнинг ҳузурида бўлишини хоҳлашар эди. Шунинг учун одамларни тўплаб, халифа Мўътасим ўзи чиқар ва Имом Аҳмадни сўроққа тутур эди. Гап билан енга олмасликларига кўзлари етгандан сўнг калтаклашга ўтдилар. Ҳар сафар гап-сўз фойда бермагандан сўнг Имомни ҳушидан кетиб қолгунча дарра билан уришар, кейин эса кўтариб, қамоққа олиб кетишар, бу ҳол эртасига яна янгидан бошланар эди.    Бир куни калтак зарбидан ҳушидан кетаёзган Имомнинг қулоғига фитнабоши Ибн Абу Довуд: «Эй, Аҳмад, қулоғимга, Қуръон махлуқ, деб қўйгин, сени халифанинг қўлидан қутқариб оламан», деди. Шунда Имом Аҳмад бошларини зўрға кўтариб:    «Эй, Ибн Довуд, қулоғимга Қуръон Аллоҳнинг каломи, махлуқ эмас, деб қўйгин, сени Аллоҳнинг азобидан қутқариб оламан», дедилар.    Бу воқеа халифанинг тавба қилиши, фитнабоши Ибн Абу Довуд ва унинг шериги Башрул Мусрайсийнинг боши олиниши ва Имом Аҳмаднинг эъзозланиши билан тугади. Шундай қилиб бу буюк Имом мусулмонларнинг катта фитнадан қутулиб қолишларига сабабчи бўлдилар.    Ҳозирда мўътазилийларнинг ўзлари ҳам, гаплари ҳам ўтмишдан бир кўнгилсиз хотирага айланиб қолган.    Аммо уларнинг мазкур фитнаси ҳақида гапирмасдан илож йўқ. Аллоҳ таолонинг мусулмонларни бу каби фитналардан Ўзи асрасин!    Аллоҳ таолонинг маънолар сифатлари деб аталган сифатлари билан батафсилроқ танишиб чиқдик.    Аллоҳ таоло ушбу сифатларнинг маъноси ила сифатлангандир. У зот Қодир, Мурид - Ирода қилувчи, Олим, Тирик, Эшитувчи, Кўрувчи ва Гапирувчидир.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Афсуски бу каби гапларни анча-мунча толиби илмлар тушинишмайди. Авом халқ қандай тушинишсин? Авом халқ учун “Аллоҳнинг наздида нима тўғри бўлса шунга иймон келтирдим” дейиш кифоя қилади. Валлоҳу аълам!

6 Май 2022, 21:10 | Савол-жавоблар | 200 | Қуръони карим
|
Boshqa savol-javoblar