Аллоҳга қўшиб дуо қилиш

Ассалому алайкум! "Танбехул Ғофилийн" китобида ўқидим. Унда Жаханнам "Учта нарсага вакил қилиндим: Аллоҳга бошқасини қўшиб дуо қилганга, ҳар бир золим мутакаббирга ва ҳар бир хисоб кунига ишонмайдиганга" дер экан. Шундаги Аллоҳга бошқасини қўшиб дуо қилган кимлар бўлади ва маъноси қанақа? Аллоҳдан кимгадур дуо қилишимиз назарда тутилганми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Барча нарса икки турга бўлинади. Биринчиси сабабларга боғланган, буни “Маа таҳтассабаб” яъни бу каби нарсалар одатда бир бирига сабаб бўлган. Масалан экин ўсиб чиқиши учун уруғ сабаб бўлади. Фарзанд кўриш учун эр хотин бўлиши, беморликдан тузалиш учун дорилар истеъмол қилиш. Шу сабабларга тегишли ўринларда сабаблардан ёрдам олиш ҳам сўраш ҳам мумкин. Иккинчиси сабабларга боғлиқ бўлмаган нарсалар. Уни “Маа фавқоссабаб” дейилади. Бу нарсаларда сабабларга осилиш тўғри эмас. Уни тўғридан-тўғри Аллоҳдан сўраш керак. Бу ўринларда Аллоҳдан бошқасидан мадад сўраш ширк ва куфр ҳисобланади. Масалан деҳқон уруғни экиб қўйиб мўл ҳосил беришни Аллоҳдан бошқа масалан Ҳизр алайҳиссаломдан сўраш ёки бошқа бирор бир авлиё ёки руҳлардан сўраш ширкдир. Чунки бу ерда сабабият олами тугаган бўлади. Худди шунингдек эр хотин фарзандга сабаб бўладиган ишларни қилганидан кейин фарзанд ато қилишни Аллоҳдан ўзгадан ёки Аллоҳ билан бирга бошқалардан ҳам қўшиб сўраш ширк ҳисобланади. Халқимиз ичида кенг ёйилган ширклардан бири Ҳизр баракасини берсин деган гапдир. Барака бериш Ҳизр алайҳиссаломнинг қўлидан келмайди. Баракани Аллоҳ беради. Валлоҳу аълам!

7 Май 2022, 03:53 | Савол-жавоблар | 157 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar