Судҳўрлик (рибо) учун ёрдам

Ассалому алайкум! Бизга доимий тарзда Гоогле Аккоунт (электрон почта) очиб беришимизни сўрашади. Базида унинг ёрдамида Плай Маркет (телефон илова дастурлари дўкони) орқали банкдан кредит олиш учун фойдаланмоқчи эканликларини атишади. Савол: Биз шу ҳолатда мижозга Гоогле ассоунт очишда ёрдам берсак олган иш ҳаққимиз ҳалол бўладими ?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Гуноҳга ёрдам берган бўласизлар чунки бодринг сотиш ҳаром эмас, лекин бир киши келиб ароқ билан газак қиламиз деса унга сотиш гуноҳ ҳисобланади. Буни Аллоҳ Қуръонда зикр қилиши ҳазлакам гап эмас. Аллоҳ таоло "Моида" сурасида марҳамат қилади: وَتَعَاوَنُواْ عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى وَلاَ تَعَاوَنُواْ عَلَى الإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُواْ اللّهَ إِنَّ اللّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ۝ 2.  Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир.
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.
Исломда эса ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.
Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам
«Аллоҳга тақво қилинг», – деб алоҳида таъкидланмоқда.
Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, Унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:
«Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир». ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Аллоҳ сўзи ерда қоладиган Зот эмас.  Валлоҳу аълам!

9 Май 2022, 17:11 | Савол-жавоблар | 158 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar