Савдодаги ёлғон гап

Ассалому алайкум! Мен яқинда бир аёл кишидан 23милионга машина сотиб олдим савдойимиз битгандан кейин ҳалиги аёл эримга 25милионга олдим деб айтинг деди. Эри келганида мана булар 25милион пул беришди деб айтди. Мен нима қилишни ҳам нима дейишни ҳам билмай қолдим. Мен нима қилишим керак эди?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ёлғон гапириш мусулмоннинг характери эмас. Ким ёлғон гапирса 25% мунофиқ ҳисобланади. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَانَ مُنَافِقًا خَالِصًا، وَمَنْ كَانَتْ فِيهِ خَلَّةٌ مِنْهُنَّ كَانَتْ فِيهِ خَلَّةٌ مِنْ نِفَاقٍ حَتَّى يَدَعَهَا: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا عَاهَدَ غَدَرَ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ، وَإِذَا خَاصَمَ فَجَرَ. رَوَاهُمَا الْأَرْبَعَةُ  Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимда тўрта 
(хислат) бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда ўша хислатлардан биттаси бўлса, ўшани тарк қилмагунча унда нифоқнинг битта хислати бўлади. Қачон гапирса, ёлғон гапиради. Қачон аҳдлашса, аҳдни бузади. Қачон ваъда берса, устидан чиқмайди. Қачон хусуматлашса, фожирлик қилади», дедилар».
Иккисини тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур икки ҳадиси шарифларида мунофиқнинг бешта сифати ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, бу беш сифат мунофиқнинг машҳур сифатларидир. Шу билан бирга, мунофиқнинг бошқа сифатлари йўқ, деб бўлмайди. Мунофиқнинг бошқа сифатлари ҳақида турли ояти карималар ва ҳадиси шарифларда сўз юритилган.
Келинг, ўзимиз ўрганаётган ушбу икки ҳадиси шарифда зикри келган мунофиқликнинг беш сифати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтайлик.
1. «Қачон гапирса, ёлғон гапиради».
Ёлғончилик мунофиқликнинг бош сифатларидан бири экан. Ёлғон гапирган одам ўзида мунофиқнинг бир сифати борлигини эсидан чиқармаслиги лозим.
2. «Қачон аҳдлашса, доғда қолдиради».
Мунофиқ ўзига қарши тараф билан ярашув ёки бошқа мақсадда аҳднома тузади. Аммо у бу аҳдномани унга амал қилиш учун эмас, ўзи билан аҳднома тузган тарафни доғда қолдириш учун тузади. Иккинчи тараф аҳдномага ишониб, мунофиқдан ўзига нисбатан ёмонлик содир бўлишидан ғофил қолади. Мунофиқ эса аҳдига вафо қилмай, қарши тарафга зарар етказишда давом этади. Келишилган аҳдга вафо қилмайдиганлар ўзларида мунофиқликнинг бир сифати борлигини унутмасликлари лозим.
3. «Қачон ваъда берса, устидан чиқмайди».
Мунофиқ ваъдани бераверади, аммо устидан чиқмайди. Чунки унинг номи ўзи билан мунофиқ-да. Унинг сирти бошқача, ичи бошқача. У сиртида ваъдани бераётганида ичида унга амал қилишни ўйлаб ҳам қўймаган бўлади. Ваъдасига вафо қилмайдиганлар ўзларининг мунофиқлардан эканликларини эсдан чиқармасликлари лозим.
4. «Қачон хусуматлашса, фожирлик қилади».
Бу ердаги хусуматлашиш ҳақни талаб қилиб тортишиш бўлиши ҳам мумкин. Ҳатто ўша пайтда ҳам фожирлик қилиш – ёмонликда ҳаддан ошиш мумкин эмас. Баъзи бир кишилар ўз душманини қоралашда ҳаддан ошиб кетадилар. Бу ҳам мунофиқликнинг аломатларидан бири экан. Душман бўлса ҳам, хусуматлашаётган бўлса ҳам уни ёмонлашда ҳаддан ошмаслик лозим экан. Хусуматлашганда фожирлик қилишга ўтадиганлар ўзларида мунофиқнинг сифатларидан бири борлигини эслаб қуймоқлари лозим.
5. «Омонат унга ишонилса, хиёнат қилади».
Бу омонат ўзаро суҳбатдаги бир оғиз сўз бўлиши мумкин. Ёки ўта қимматбаҳо нарса бўлиши мумкин. Нима бўлса ҳам барибир. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқликнинг сифатларидан бирига соҳиб бўлишдир. Чунки хоин омонатни олаётганда сиртини вафодор қилиб кўрсатади. Ичида эса омонатга хиёнат қилишни ўйлаётган бўлади. Бу эса айни мунофиқликдир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 09:34 | Савол-жавоблар | 159 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar