Жаҳаннамга кимлар кирмайди?

Ассалому алайкум!"бўйдоқ одам яъни уйланмаган ва турмушга чиқмаган икки ёш зино қилса ва қаттиқ тавба қилиб қилган ишига пушаймон бўлса. Аллоҳ у тавбасини қабул қилса жаҳаннамга кирадими киймайдими? Ёки умуман олганда гуноҳи кабира қилганлар тавба қилса чин кўнгилдан. Жаҳаннамга кирмайдими? Ёки барибир катта гуноҳлиги учун жазосини ўтайдими? Бундан аввал шу мазмунда савол берган эдим "излаш" тугмасидан фойдаланинг" дебсизлар. Сайтда янги эмасман 1 йилдан ошди. Излаш тугмасидан "Жаҳаннамга" Жаҳаннамга кирмайдиганлар" "кабира" "кабира гуноҳлар" "тавба қилганлар" хуллас ҳар қилиб ёздим топа олмадим. Хижолат бўлиб мажбур қайта берябман саволни.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бирор бир банда ўз амали билан дўзахдан қутулиб, жаннатга кира олмайди. Магарам Аллоҳ фазл қилганларгина азобдан қутулади. У зот эса қайси бандасини яхши кўрса унинг гуноҳларини афв қилади, савобларини кўпайтириб беради ва жаннатга киргизади. Аллоҳ таоло тавба қилувчиларнинг тавбасини албатта қабул қилади. Тавбаи насуҳ бўлса бас. Бирор мўмин бирор гуноҳи туфайли Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги керак. Гуноҳдан тавба қилган киши гуноҳи йўқ кишидекдир.
Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бандалар ҳаётида доимий бўлиб турадиган ва кўпчилик фарқига бормайдиган икки ҳақиқатнинг сирини баён қилмоқда. Одатда ожиз бандалар тасаввурида номики тоат бўлса, қабул бўлади ва ўша тоатнинг эгаси олий мақсадларига эришади, номики гуноҳ бўлса, оқибати ёмон бўлади ва унинг эгаси мақсадига эришишдан маҳрум бўлади, деган хаёл бўлади. Аслида эса ушбу умумий тасаввурдан мустасно бўладиган ҳолатлар ҳам бўлиши бор.  
«Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди».
Аллоҳ таоло бандага тоат қилиш эшигини очиб қўйиши мумкин. Аммо банданинг тоат қилиши иш битди, дегани эмас. Зотан, тоат билан тоатнинг орасида фарқ бор. Қабул бўладиган тоат бор, қабул бўлмайдиган тоат бор. Банданинг тоати қабул бўлиши учун у тоат билан бирга тоатнинг қабул бўлиш шартларини ҳам адо қилиши керак. Тоатнинг қабул бўлиш шартлари эса бир қанча:
– Тоатнинг қабул бўлиш шартларидан бири тақводир.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
«Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир» (27-оят).
Инсоннинг тоатлари Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши учун амал эгасининг тақводор бўлиши шартдир.
Тақвоси бўлмаган ҳар бир амал фойдасиз чарчоқдан бошқа нарса эмас. Тақво эса Аллоҳ таолонинг айтганларини адо қилиб, қайтарганларидан қайтишдан иборатдир.
– Тоатнинг қабул бўлиш шартларидан бири ихлосдир.
Зотан, Аллоҳ таоло Ўзининг розилиги тиланган нарсадан бошқани асло қабул қилмас.
Аллоҳ таоло Баййина сурасида марҳамат қилади:
«Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган, бошқадан унга бурилган ҳолда ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар, холос. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир» (5-оят).
Аллоҳ таолонинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағизидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен шерикка энг беҳожат Зотман. Ким бир амал қилса-ю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шеригини ҳам тарк қилурман», деди», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда ўз амали билан Аллоҳни ҳам, Аллоҳдан бошқани ҳам рози қилишга уриниш риёкорлик эканлиги билдирилмоқда. Аллоҳ таоло:
«Мен шерикка энг беҳожат Зотман», демоқда.
Яъни Аллоҳ таоло учун адо этиладиган тоатга ҳеч бир кимсани ёки нарсани шерик қилиб бўлмайди. Нима амал бўлса ҳам, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи учун қилиниши керак. Бу ҳадиси қудсийдан ҳар бир амал холис Аллоҳ таоло учун бўлиши лозимлиги келиб чиқади.
«Ким бир амал қилса-ю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шеригини ҳам тарк қилурман».
Бу ерда амалга риёкорлик аралашиши ширкка тенглаштирилмоқда. Шунинг ўзидан риёкорлик қанчалар ёмон нарса эканини билиб олсак бўлади.
Амаллар Аллоҳ томонидан тарк этилмаслиги учун, махфий ширк содир бўлиб қолмаслиги учун ҳаракат қилиш лозим. Ўшандагина амаллар Аллоҳ таоло томонидан тўлиқ қабул бўлади. Ана ўшандагина махфий ширк келтирилмаган бўлади. Амаллар самарасидан у дунёю бу дунёда баҳра олинади.
– Тоатнинг қабул бўлиш шартларидан бири унинг шариат кўрсатмаларига биноан бўлишидир.
Шариат кўрсатмалари эса барча тоатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишни тақозо қилади.
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:
«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (21-оят).
«Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир». Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Аллоҳга муҳаббат, иймон қуруқ гаплар эмас, одамлар орасида ўзининг иймони борлигини, Аллоҳга муҳаббати борлигини айтиш билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳга ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий иймон оғизда айтиладиган гап, виждоний ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида у Аллоҳга ва Унинг Расулига тўлиқ бўйсунишдан иборатдир.
«Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг...»
Ким Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақидаги ҳукм унинг Набий алайҳиссаломга эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Набий алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради. Бу нарса оятда қуйидагича баён қилинмоқда:
«Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад қилингандир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда айтилади:
«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган бир амални қилса, у рад қилингандир», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шариф улкан қоидани акс эттирган бир ҳадисдир. Уламоларимиз Ислом оламида бўлаётган ишларнинг шаръий-ношаръий эканини баён қилиш қоидасини ушбу ҳадисдан ишлаб чиққанлар. Асрлар давомида ҳаёт жараёнида бўлаётган ишларнинг шаръий ёки ношаръийлигини аниқлашга тўғри келади. Мусулмонлар ҳар бир нарсани шариатга мувофиқ келса, қиладилар, шариат мардуд, деган нарсани эса тарк этадилар.
Шунинг учун ҳам ҳар бир нарса тўғрисидаги биринчи ва асосий савол: «Бунга шариат нима дейди?» бўлади. Бу саволга Китоб ва Суннат жавоб беради. Агар ўша саволдаги иш динда йўқ нарса бўлса, мардуд ҳисобланади. Агар динда бўлса, қабул қилинади.
– Тоатнинг қабул бўлиш шартларидан бири қалб ҳозирлиги ва ғофил бўлмасликдир.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:
«Ва Закариёни (эсла). Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди.
Бас, унга ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Биздан хокисорлик ила қўрқувчи эдилар» ­(89-90-оятлар).
Уларнинг дуолари ғофиллик ила ва шуурсиз қилинган дуо эмас эди. Балки улар чин дилдан, ихлос билан, қўрққан ҳолларида дуо қилардилар. Шунинг учун мутлақо имконсиз иш уларга мумкин бўлди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ижобатига аниқ ишонган ҳолингизда дуо қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ғофил, бекорчи қалбдан дуони қабул қилмас», дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шундай бўлганидан кейин қабул бўлмаган тоатдан ҳеч қандай фойда йўқ. Зотан, тоат аслида тоат қилинаётган Зотнинг муҳаббатига ва тоат қилувчига марҳамат назари билан юзланишига василадир. Шунинг учун ҳам тоат эшигининг очилиши банда учун энг муҳим ато бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бандага тоат эшигини очиш билан Ўзига қурбат ҳосил қилишига имкон берган бўлади. Агар банда тоатни адо этсаю, унинг самарасини топмаса, бу Аллоҳ таоло унга тоат эшигини очган бўлса ҳам, қабул эшигини очмаганининг аломати бўлади. Банда учун тоатига қабул эшигининг очилмаслиги ман қилишнинг катта туридан бўлади.
Шунинг учун ҳам банда ўзига тоат эшигининг очилишини мақсадга эришиш нуқтаси деб билмаслиги керак. Балки тоат эшигининг очилиши банда учун мақсадга эришиш эшигининг очилиши, холос. Энди банда мазкур очилган эшикдан кириб, тоатларнинг қабул бўлиш шартларига амал қилган ҳолда мақсадга эришиш йўлидан мақсад томон одимлаши керак бўлади. Агар тоатларнинг қабул бўлиш шартлари юзага чиқмаса, амалига суяниб, маҳлиё бўлиб ва ғурурга кетиб, ишониб қолса, иши орқага кетишидан қўрқиб туриши лозим бўлади.      
«Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга)етишишга сабаб бўлади».
Гоҳида банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш илинжида сайри сулук қилиб, уриниб ва ҳаракат қилиб турганида чарчаши, ҳиммати сустлашиши, қоқилиши ёки нафси ундан ғолиб келиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Ана шу ҳолатда банда Аллоҳ таолонинг қазои қадари ила гуноҳ содир этиши ҳам мумкин. Кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланиб, аввалгидан кўра тоатга кўпроқ уринадиган, кўпроқ ихлос қиладиган, кўпроқ қалби ҳозир бўладиган ҳолга келиши ойдин ҳақиқатдир. Мазкур банда Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша ҳаракатини давом эттира бориб, Ҳақнинг висолига етишиши ҳам бор ҳақиқатдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб, истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Гуноҳ содир этмаган банда бўлиши мумкин эмас. Зотан, Аллоҳ таоло инсон зотининг фаришта бўлишини исатаган эмас. Фаришталаргина гуноҳ қилмайдиган маъсум бандалардир.  Ожиз банда доимо гуноҳ қилиш эҳтимоли остида яшайди. Шунинг учун банда доимий равишда истиғфор айтиб туриши лозим. Ана ўшанда банданинг синиқлиги ва Аллоҳ таолонинг афв ва мағфирати намоён бўлади.
Аммо зинҳор-базинҳор ушбу ҳадиси шарифдан гуноҳ қилишга даъват маъносини тушунмаслик керак. Бу ҳадисда инсон зоти маъсумликни даъво қилиши дуруст эмаслиги, гуноҳ содир этиши табиатида борлигини тан олиши лозимлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга, бандадан гуноҳ содир бўлганда ноумид бўлмасдан, тавбага шошилиши зарурлиги уқтирилмоқда.  
Аввал ҳам айтилганидек, банда гоҳида гуноҳ содир этганидан сўнг, ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланиб, аввалгидан кўра тоатга кўпроқ уринадиган, кўпроқ ихлос қиладиган, кўпроқ қалби ҳозир бўладиган ҳолга келиши ва Аллоҳ таолонинг висолига эришиши ҳам бор. Бу ҳолга эришиш учун эса уч нарса мавжуд бўлиши шарт қилинган:
– Синиқлик.
Машҳур асарда айтилишича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога: «Сени қаердан топаман?» деганида, У Зот жалла жалолуҳу: «Мен қалби синиқлар ҳузуридаман», деган экан.
– Тавба.
Тавба қанчалик зарур экани ҳақида кўп гапирилган.
– Астойдил ва жиддият билан енг шимариб ишга киришиш ва унда ихлос билан бардавом бўлиш.
Ўтган азизлардан кўплари Аллоҳ таолонинг висолига тоатни ихлос ила, унинг барча шартларини ўрнига қўйиш ила эришган бўлсалар, содир этилган баъзи гуноҳлардан кейин ўзига келиб, синиқлик, сидқидилдан тавба килиш ҳамда амалга астойдил киришиш билан эришганлар ҳам бор.
Юқорида зикр қилиб ўтилган маълумотлардан аён бўладики, ҳар бир тоат ҳам Аллоҳ таолонинг савобига ва розилигига сабаб бўла олмас экан, ҳар бир маъсият ҳам Аллоҳ таолонинг азобига ва норозилигига сабаб бўлмас экан. Бу борадаги ҳал қилувчи омил тоат эгасининг нияти, ихлоси ва амалининг шариатга тўғрилигига ва маъсият соҳибининг синиқлиги, тавбаси ва кейин ўзини ўнглаб олишига боғлиқ бўлар экан.
Банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун адо этадиган тоатларнинг самараси уларнинг сиртига, суратига ва шаклига қараб эмас, балки уларнинг ичига, ҳақиқатига қараб баҳоланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».
Муслим ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Исломда инсоннинг тоати унинг сиртқи кўринишига қараб эмас, ички кўринишига, қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлосига қараб ўлчанади.
Банда томонидан содир этиладиган маъсият ҳақида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Албатта, маъсиятнинг ташқи кўриниши, шакли бир хил бўлади. Аммо маъсият қилувчининг уни қилаётгандаги ва қилиб бўлганидан кейинги руҳий-маънавий ҳолати ҳар хил бўлади. Агар осий маъсиятни Аллоҳ таолонинг шариатини ва амрини хор санаб, Аллоҳ таолонинг Ўзига ва ҳукмига кибр ила қараб содир этган бўлса ва сўнгра қилган маъсиятидан хижолат бўлиш ўрнига фахрланиб юрса, қилган маъсияти уни Роббидан тўсади ва У Зотнинг раҳматидан умидвор бўлишини кесади. Агар осий маъсиятни нафси ғолиб келиб, шайтоннинг васвасасига учиб ва бандалик заифлиги тутиб содир этган бўлса ва кейин хижолатда қолиб, бандалик ҳисси қўзғалса, афсус-надомат чекса, тавба қилиб, ўзини ўнглашга ўтса, маъсият унинг учун қабул эшиги очилишига ва висолга етишишига сабаб бўлиши мумкин бўлади.
Бу борада ибодат билан бандалик орасидаги фарқни билиб олишимиз жуда ҳам фойдали бўлади. Ибодат намоз, рўза, ҳаж, закот, зикр, Қуръони Карим тиловати каби Аллоҳ таоло бандаларга бажаришни топширган баданий ва молиявий таклифларни бажаришдир. Бандалик эса инсоннинг бутун борлиғини ва ҳис-туйғуларини қамраб олган хорлик ва зорликдан иборат бўлиб, у инсонни ўз Холиқини улуғлашга, Ундан ҳайиқишга, Унга илтижо қилишга, истиғфор айтишга, дуо қилишга ва Ундан умидвор бўлишга чорлайди.
Бас, шундай экан, ибодат бандаликнинг идиши ҳисобланади. Ибодатнинг қиймати эса бандаликнинг маъноси миқдорига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ожизлик туфайли гуноҳга гирифтор бўлган банда ўз бандалигини ҳис қилиб, тавба қилса, амали солиҳ қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини висолига етишиш сабабига айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:      
«Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. – Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? – Ва билиб туриб, қилган ишларида бардавом бўлмаслар» (135-оят).
Маълумки, тақводорлик мўминларнинг олий даражаси ҳисобланади. Ҳозир ўрганаётган ояти каримамизда тақводорларга улкан даражалар ваъда қилинмаётир. Лекин ушбу оятда фаҳш иш ёки ўзига зулм қилган одамлар ҳам тақводорлар сафидан ўрин олиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу нимага далолат қилади? Бу Ислом динининг бағрикенглигига далолат қилади. Бу Исломда инсоннинг табиатини ниҳоятда чуқур билиб, ўзига яраша муомала қилинишига далолат қилади. Инсон нима бўлганда ҳам инсондир. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавойи нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда дарҳол ўзига келиб, ояти каримада зикр этилаётгандек,
«…Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».
Хўш, буларга қандай муносабатда бўлиш керак? «Сен фалон ишни қилиб қўйдинг, бўлди, энди умидингни узавер», дейиладими? Йўқ!
Ислом тавба эшигини кенг очиб қўйган. Бандалиги, ожизлиги тутиб, баъзи гуноҳларни қилган бўлса ҳам, тақводорлар сафига қўшилиш имкони бор. Фақат бир шарти бор, у ҳам бўлса:
«…Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».
«...Ва билиб туриб, қилган ишларида бардавом бўлмаслар».
Ана шундагина улар тақводорлар сафига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлмайдилар. Аммо тавба қилмасалар ва билиб туриб, яна гуноҳларида давом этаверсалар, бу имконият уларга ҳеч қачон берилмайди.
Демак, бир марта, билмасдан ёки заифлиги тутиб гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул бўлар экан. Бу қоида мағфират бобидаги барча оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар ўйлаганидек, оғзида «Тавба қилдим», деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
«Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, Аллоҳ албатта уни кечиради», деганлар.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мазкур гуноҳни банданинг Ўзига етишишига сабаб қилиб қўйиши ҳам мумкин.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг барча ҳикматларидаги каби ушбу ҳикматда келтирган маъноларни ҳам Қуръони Каримдан олганини яна бир бор эслаш учун мисол келтирайлик.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:
«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (70-оят).
Яъни ким қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб, тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.
«…бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».
Аллоҳнинг фазлини, марҳаматини қаранг! Яратган бандаси нонкўрлик қилса, Унга ширк келтиришдек улкан зулмни амалга оширса, Унинг амрига исён қилиб, одам ўлдирса ёки зино қилса-ю, сўнгра тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, унинг гуноҳларини савобга алмаштириб қўйса! Бундан ҳам ортиқ мағфиратлилик, бундан ҳам ортиқ раҳмлилик бўладими?!
«Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Бўлмаса, тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликларини яхшиликка алмаштирмас эди.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Абу Фарва Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
– Айтинг-чи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Исломга кирдингми?! – дедилар. У:
– Ҳа! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради, дедилар. У:
– Алдамчиликлариму фожирликларимни ҳамми?! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳа! – дедилар.
У такбир айтиб («Аллоҳу Акбар!!!» деб), қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди».
Аллоҳ таоло барчамизга тоат эшигини очганда қабул эшигини ҳам очсин! Бизга гуноҳни тақдир қилганда уни Ўзига етишимизга сабабчи қилсин!  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан). Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 09:34 | Савол-жавоблар | 194 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar