Отам ҳижобга қарши

Ассалому алайкум! 1). Ҳижобга кирмоқчи эканлигимни отамга айтганимда, отам: "ҳижобга кирсанг, дарвозани ташқаридан ёпиб, кет уйдан, турмушга чиқганингда тақасан ҳижобингни, лекин ҳижобга кирсанг мени уйимга келма"- дейдила, мени эса бошқа борадиган жойим йўқ, ҳижобга кирмоқчиман, авратимни кўрсатиб юриш ноқулай менга, ўзимниям ўзганиям гуноҳга ботиришни ҳохламиман. 2). Намозимга ҳам қаршилар ҳатто, ҳаммасини тунда қазо қилиб ўқийсан дейдила, аммо мен яшириб ўқийман намозларимни.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ отангизни ҳидоят қилсин! Отангизни бундай дейишга ҳаққи йўқ. Жуда катта гуноҳ қиляпти. Сиз ҳижоб деб махсус кийим кийишингиз шарт эмас. Авратларингизни ёпиб юрсангиз кифоя.  Намозни ҳам канда қилмай ўқинг. Аллоҳдан қўрқиб Ўзига тақво қилсангиз, сизга Ўзи йўл очиб қўяди. “Талоқ” сурасининг 2-3 оятларида шундай дейилган:«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир.
Яъни ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига ҳам келмаган томондан ризқи рўз етказиб беради. Одатда кишилар ризқи рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Юқорида зикр этилган ишларда ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккул қилишга ундаб, «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоя­дир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», дейди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳу махражан ва йарзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пай­ғамбар алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёд қила олмайди», деганлар.
 «Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир», жумласи тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида, жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», деганлар. («Тафсири Ҳилол» китоби). Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 12:29 | Савол-жавоблар | 166 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar