Қазо намозини ўқиш вақтлари

Ассалому алейкум! Мен шу пайтгача қазо қилган намозларимни бомдод вақти бўлгач ва уйдагилар намозга тайёр бўлошларидан олдин ўқиб олар гоҳо бомдод намозини ўқиб бўлгач кун чиқишидан олдин ўқиб олар эдим. Аср намозини ўқиб бўлиб қазо намозларимни ўқиган пайтларим ҳам бўлган. Энди билишимча бу вақтларда қазо намозлари ўқилмас экан. Мени шу пайтгача ўқиган қазо намозларимни ҳукми қандай бўлади? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бу вақтларда қазо намозларни ўқиш жоиз.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, қуйидаги вақтларда барча намозларни ўқиш ҳаром:
1. Қуёш чиқаётган пайтда.
2. Қуёш қиёмга келган вақтда.
3. Қуёш ботаётган пайтда. (Ўша куннинг асри мустасно.)
Қуйидаги вақтларда нафл ўқиш ҳаром.  
4. Бомдод намозининг фарзини ўқигандан то қуёш найза бўйи кўтарилгунча.
5. Аср намозининг фарзини ўқигандан то қуёш ботгунча.
Ҳанафий мазҳаби бўйича қуйидаги вақтларда ҳам нафл намозлари ўқиш макруҳдир:
6. Тонг отгандан сўнг бомдоднинг суннатидан бошқа нафл намозларни ўқиш. Бунинг далили:عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ بَعْدَ طُلُوعِ الْفَجْرِ إِلَّا رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ  Ибн Умардан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фажрдан кейин бомдоднинг икки ракъат суннатидан бошқа намоз йўқ», дедилар».
Табароний ривоят қилган.
7. Шом намозидан олдин нафл ўқиш. Чунки шом намозини тез ўқишга амрлар бор. Ундан олдин нафл ўқиш шомни кечиктириш бўлади.
8. Жума, ийд, ҳаж, никоҳ, кусуф, хусуф ва истисқо хутбалари бўлиб турган вақтда. Бу вақт имом минбарга чиққанидан то намозни ўқиб бўлгунича давом этади.
9. Ийд намозидан олдин ва кейин.
10. Фарз намозга иқома айтилганда. Фақат бомдоднинг суннатини тезда, фарзга улгуриш шарти билан ўқиб олиш жоиз. Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 17:24 | Савол-жавоблар | 154 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar