Куфр зиёда бўлиш маъноси

Ассалому алайкум! Устозлар! Куфр келтириб куфрда зиёда бўлиш маъносини тушунтириб беришларингизни илтимос қиламан.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳозир кофир бўлиб туриб мусулмонни устидан кулаётгани шу куфрда зиёда бўлганида. Фарзга қарши чиқиб ундан фаҳрланаётгани куфрда зиёда бўлганида. Аллоҳ таоло "Оли Имрон" сурасида марҳамат қилади:   إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ بَعْدَ إِيمَانِهِمْ ثُمَّ ازْدَادُواْ كُفْرًا لَّن تُقْبَلَ تَوْبَتُهُمْ وَأُوْلَئِكَ هُمُ الضَّآلُّونَ۝  إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ وَمَاتُواْ وَهُمْ كُفَّارٌ فَلَن يُقْبَلَ مِنْ أَحَدِهِم مِّلْءُ الأرْضِ ذَهَبًا وَلَوِ افْتَدَى بِهِ أُوْلَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ وَمَا لَهُم مِّن نَّاصِرِينَ۝  90. Албатта, иймонларидан кейин куфр келтириб, сўнгра куфри зиёда бўлганларнинг тавбаси ҳеч-ҳеч қабул қилинмас. Ана ўшалар – ўзлари адашганлардир.
 91. Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтинни товон қилиб тўласа ҳам, асло қабул қилинмас. Ана ўшаларга аламли азоб бор. Ва уларга ҳеч қандай ёрдамчилар йўқ.
Ҳаммаси маълум. Шарҳнинг ҳам ҳожати йўқ. Ҳар ким қилганига яраша жазосини олади.
Худди шу маънода Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Набий алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:
«Қиёмат куни дўзах аҳлларидан бирига:
– Агар ер юзи тўла нарсанг бўлганида, ўзингни қутқаришга фидо қилармидинг? – дейилади. У:
– Ҳа, – дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга:
– Мен сендан ундан кўра озроқ нарса сўраган эдим. Отанг Одамнинг сулбидалигингда менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингга аҳд олган эдим. Сен бўлсанг, ширк келтирдинг, – дейди». ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 19:39 | Савол-жавоблар | 188 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar