Тирик балиқ истемоли

Ассалому алайкум! Бизни водийда тирик балиқ истемол қилиш масканлари бор. Кирсангиз ҳовуздан тирик балиқни тутиб тарозидан ўтказиб 20 дақиқа ичида қовуриб олиб келишади. Тирик балиқни қовириш учун балиқни қозонга тиригича солади ёки бош қисмига қаттиқ жисим билан уриб ўлдириб сўнг солади. Динимизда бу ҳолатни ҳукми қандай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сўйиладиган ҳайвонга ҳам зулм қилмасдан, қийнамасдан сўйиб пишириш керак. Балиқларда тасмияни айтиб сўйиш шарт эмас. Қайси йўл билан ўлдирилса ҳам ҳалол бўлаверади. Нима билан ўлгани маълум бўлмай сув устида қорни юқорига бўлиб оқиб келган балиқни еб бўлмайди.
Жониворларни сўйишнинг исломий усули
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида мусулмонлар учун ҳалол қилинган гўштларни баён қилиб, жумладан, шундай марҳамат қилади:
«…сўйиб ‎олсангиз (ҳалол)».
«Сўйиб олсангиз» деб таржима қилинган сўз ояти каримада «заккайтум» (ذكيتم) деб келган. Бу сўз барчамизга маълум бўлган закот сўзига ўзакдош бўлиб, поклик, ўсиш маъноларини англатади. Унинг «тазкия» шакли эса «поклаш» деганидир.
Ислом шариатининг жонивор сўйиш усули қуйидаги шартларнинг бажарилишини тақозо этади:
a. Ҳайвон ўткир, жуда кескир тиғли асбоб (пичоқ) билан сўйилиши лозим.
Шунингдек, жонивор қийналмаслиги учун тез сўйиш ҳам шарт.
b. Сўйганда жониворнинг нафас йўли (ҳалқуми), томоғи ва қон томирлари кесилиши керак.
‎Араб тилидаги «забиҳа» феъли сўйишни англатади. Забҳда ҳайвоннинг бўғзи, нафас йўллари (трахея) ва бўйнидаги қон томирлари кесилади, бироқ орқа мияси кесилмайди.
c. Жонлиқнинг қони оқизиб юборилиши шарт.
Жонлиқнинг бошини узишдан аввал унинг қони имкон қадар тўлиқ оқизиб юборилиши керак. Бундан мақсад шуки, ҳайвоннинг танасида турли микроорганизмларнинг урчиши учун қулай муҳит бўлган қон қолмаслиги керак. Орқа миянинг кесмай турилади, бунинг ҳикмати шуки, орқа мия кесилса, юракка борувчи нерв толалари узилиб, юрак тўхтаб қолиши, натижада томирларда қон қотиб қолиши мумкин.
‎2. Қон микроб ва бактериялар учун қулай муҳитдир.
Дарқиқат, қон – микроблар, бактериялар ва токсинлар кўп учрайдиган жойдир. Шунинг учун қоннинг тўлиқ оқизиб юборилиши талаб қилинадиган шаръий сўйиш усул гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган усулдир. Шу тариқа сўйилган гўштга қондаги бактериялар, токсинлар ва микроб каби турли хил зарарли моддалар ўтиб қолишининг олди олинади.
‎3. Шаръий усулда сўйилган гўшт кўпроқ вақт бузилмай сақланади.
Шаръий талабларга кўра сўйилган гўшт узоқроқ вақтгача бузилмай сақланади, чунки унинг таркибидаги қон миқдори бошқа усулларда сўйилган гўштларга қараганда камроқ бўлади.
‎4. Шаръий усулда сўйилган ҳайвон оғриқни сезмайди
Бўйин томирлари кескин ҳаракат билан кесиб юборилса, миянинг оғриқ сезувчи асаб толаларига қон бормай қолади. Натижада ҳайвон оғриқни сезишдан дарҳол тўхтайди. Шунинг учун ҳам, шаръий усулда сўйилган ҳайвоннинг оёқларини типирчилатиб, бор кучи билан зўриқиши оғриқ туфайли эмас, балки мушакларнинг тез-тез қисқариб, бўшаши, танадан қоннинг шитоб билан оқиб чиқиши туфайли юз беради. Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 20:50 | Савол-жавоблар | 166 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar