Мусулмон бўлмаган инсоннинг бир мусулмонга саволи

Ассалому алайкум! Ўзим қиз боламан, менинг жуда ҳам қадрли бўлган бир дўстим бўлиб у Хитой фуқароси. Ҳозирда Ўзбекистонда таҳсил олмоқда. Маълумки у мусулмон динида эмас, лекин инсонийлик ҳатти-ҳаракатлари ва қалби бизнинг динимизда ёзилган амалларга тўғри келади. Уни кўп кузатдим ва мен мусулмон бўла туриб, баъзида эътиборсиз қолдирган амалларимга у амал қилган вақтлари жуда кўп бўлди. Мен унга ислом дини ҳақида илмимга яраша тушунтирдим ва шу динга ўтишни ўйлаб кўриши ҳақида айтдим. У ислом динида бўлмаса ҳам лекин Аллоҳ борлигига ишонишини кўп такрорлайди. Лекин қилган яхши амаллари фақат ўзи учунгина, яъни яхшилик қилса, тўғри йўлда юрса, ҳаёти тўғри бўлиши ҳақида гапиради. У бу ишларни кимдандур қўрқгани учун эмас, ўзининг танлови шундай бўлгани учун қилади. Мусулмон инсонларни эса Аллоҳдан қўрқгани учун гуноҳдан тийилиши ҳақида гапиради. Бундан ташқари кўп мусулмон инсонлар ичиш ва чекиш Ислом динида ҳаром қилинганини билиб туриб, нега бу нарсадан қайтмаслиги, мусулмон бўлган киши мутлақо бу нарсалардан тийилиши кераклигини айтади. Минг афсуслар бўлсинки мен унга керакли жавобларни аниқ ва лўнда қилиб тушунтиролмайман. Чунки ҳали ўзим етарлича илмга эга бўлмадим. У бир саволни берди, "агар инсон доим тўғри йўлда бўлса, қилаётган ишлари чиндан ҳам ҳалол ва нопок йўлдан йироқ бўлса, нима учун мусулмон бўлиши керак? мусулмон бўлмасам ҳам ёмонликдан йироқ юрибманку" деган савол уни ва мени қийнайди. Агарда шу саволига жавоб бера олсам, иймони комил бўлса Ин Шаа Аллаҳ мусулмон динига ўтиши ҳақида айтган. Шу саволларига жавоб қидириш билан банд бўламан, ҳатто дин бўйича чуқур илм эгаллаган Қори, домлалар олдига бориб жавоб қидиришни ният қилдим. Аммо, аввало Аллоҳдан умид қилиб, сўнгра Аллоҳ буйруғи билан сиздан ёрдам сўраб кўришга аҳд қилдим. Умид қиламанки бу саволим албатта ўз жавобини олади.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Инсонни яратиб, яхши билан ёмонни кўрсатиб, уни ажрата олиш учун ақл бериб, ҳар лаҳза ҳар лаҳза яшашига мадад бериб турган зот Аллоҳга ишонмай ёки ишонаман лекин уни айтганидай иш қилмайман, ўзим билиб яхшилик қилаяпман ўзим ҳақман деган одамни мантиқан олиб қаралса ақл эгалари нима деб атайди?! Нонкўр бўладими? Инсонни ақлига ташлаб қўйилса ҳозирда шу яқин дўстингиз мамлакатлари ва ғарбдаги Худо йўқ деб ақлига суянганлар ҳайвондан баттар амаларни қилиб ақлига суяниб юрибди: бир жинслик ҳаётни оқлаб, вахшилик қилишни эркинлик деб, миллионлаб одамлар ўлимига сабаб бўлиб шу “ақли” билан бу ишга ҳақлимиз деб ҳукм чиқариб, Аллоҳ инсонни яратиб унга ақл неъматини берган ва бу ақл мукаммал чегарасиз эмас балки ноқис ва чегараланган эканини ҳақ дини Ислом орқали баён қилган. Бу масалани бир саволга жавоб билан қамраб олиш қаийин. Солиҳ, илмли одам билан бир қанча суҳбатларда у дугонангизга секин секин тушунтирилса иншаа Аллоҳ қалбига иймони нури кириб Ислом динини қабул қилса.
Аллоҳ таоло "Зарийат" сурасида марҳамат қилади:   وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ۝ 56. Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим.
Ушбу қисқагина оятда улкан ҳақиқат ўз ифодасини топгандир. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад Аллоҳга ибодат қилиш экан. Кўпгина исломий тушунчалар қатори, ибодат тушунчасида ҳам хатолар содир бўлган. Оқибатда ҳозирги кунимизда «ибодат» деганда кишилар онгида намоз, рўза, қироат, зикр каби нарсаларгина намоён бўлади. Тўғри, мазкур амаллар улкан ибодатлардир, буларсиз Исломни тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо ушбу тушунча билан ҳозир тафсир қилаётган оятимизга мурожаат қиладиган бўлсак, инсонлар ва жинлар бутун умрларини намоз ўқиб, зикр қилиб ўтказмоқлари лозим бўлиб қолади. Чунки инсу жинни Аллоҳ таоло фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратгандир.
«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим».
Намозу рўза, зикру тиловатдан бошқа ишга қўл урган шахс, юқорида айтиб ўтилган тушунча бўйича, Аллоҳнинг иродасига қарши чиққан осий бўлади.
Ҳолбуки, бошқа оятларда Аллоҳ таоло бандаларини ер юзини обод қилишга, оила қуришга ва бошқа ишларга буюрган. Инсонни Ўзининг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) деб эълон қилган.
Демак, «ибодат» маъносининг бошқача талқини ҳам бўлиши керак.
Келинг, ибодатнинг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқайлик-чи, қандай натижага эришар эканмиз. «Ибодат» сўзи араб тилида «бўйсуниш», «ўзини паст тутиш», «итоат этиш» ва «амрни бажариш» деган маъноларни билдиради. Демак, ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳнинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳга ибодат қилишни англатар экан.
Уламолар истилоҳида эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир. Алоҳида таъкидлаб айтмоқ лозимки, намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Исломнинг негизини ташкил этадиган улкан ибодатлардир. Буларсиз инсон мусулмон бўлиши қийин. Бу ерда хато «ибодат» маъносини фақат мазкур амалларга боғлаб қўйишдадир. Шунинг учун одам намоз ўқиётганида ўзини Аллоҳнинг ҳузурида ҳис қилади-ю, касб билан шуғулланаётганида ўзини Аллоҳга номаъқул иш қилаётгандек ҳис қилади. Ибодат маъносини тўғри тушунадиган бўлсак, бу ҳозиргидан кенг ва комил тушунча экани маълум бўлади. Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади. Бунинг учун икки асосий шартга амал қилмоқ зарур:
1. Ҳар бир иш Қуръон ёки Суннатга мувофиқ бўлмоғи лозим.
2. Ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳнинг розилигини исташ керак. Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ниятни яхшилаш лозим. Набий алайҳиссалом ўзларининг машҳур ҳадисларида: «Албатта, ҳар бир иш ниятга боғлиқ, ҳар бир киши нимани ният қилса, ўшанга етади», – деганлар.
Исломда ибодат тушунчаси кенг тушунча эканига Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам далил-ҳужжат бўлади: «Бир гуруҳ кишилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, бойлар ажру савобни олиб қўйдилар, чунки бизга ўхшаб намоз ўқишади, рўза тутишади ва яна устига, ортиқча молу дунёларидан садақа қиладилар, – дейишди. Ул зот:
– Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбеҳингиз садақа, ҳар бир такбир ҳам садақа, ҳар бир таҳлил ҳам садақа, амри маъруф ҳам садақа, наҳйи мункар ҳам садақа ва ҳар бирингизнинг шаҳватингизда ҳам садақа бор, – дедилар. Шунда одамлар:
– Биронтамиз шаҳватимизни қондирсак ҳам ажр оладими? – деб сўрадилар. Набий алайҳиссалом:
– Айтинглар-чи, шу ишни ҳаромдан бажарса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, ҳалолдан бажарса, унга ажр бўлади, – дедилар». ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Танишингизни динни яхши биладиган аёл мутахассисларимиз бор. Ўшалар билан суҳбат қилдиринг.Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 04:28 | Савол-жавоблар | 161 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar