Бир қиз ёлғизликка маҳкум этилганман деяпти

Ассалому алайкум! Бир қиз мен турмушга чиқмоқчи эмасман, ёлғизликка маҳкум этилган ёмон қизман деяпти. Мендан узоқроқ юринг деяпти. Айтингчи қиз бола умрини охиригача эрга тегмаслиги мумкинми, қиз болага бу рухсатми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Аввало номаҳрамлар билан заруратсиз суҳбат қуриш жоиз эмас.2). Бу жоиз эмас. Динимизда роҳиблик йўқ. عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَرَادَ عُثْمَانُ بْنُ مَظْعُونٍ أَنْ يَتَبَتَّلَ، فَنَهَاهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَلَوْ أَجَازَ لَهُ ذَلِكَ لَاخْتَصَيْنَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ   Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон ибн Мазъун бутунлай таркидунё қилмоқчи бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳий қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу фаслнинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб, уни оз санаб, кейин таркидунёчиликнинг уч хил турини танлаган уч кишидан бири ҳам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу эдилар.
Ушбу ҳадисдаги «бутунлай таркидунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олган. Шунинг учун ҳам ровий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик», демоқдалар.
Исломда бу иш жоиз бўлмаганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон киши учун яхши эмас, бу иш роҳиблик дейилади.
Масиҳий динида ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишлари керак. Ундай ишни қилувчилар роҳиблар, қилаётган ишлари роҳиблик дейилади. Исломда эса роҳиблик йўқ. Исломда уйланиш ҳам ибодат ҳисобланади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 13:53 | Савол-жавоблар | 166 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar