Ёмонликдан қайтариш ёки четлашиш

Ассалому алайкум! Агарда инсон ўзи исломни устунлари бўлган намоз, рўза, закот ибодатларини вақтида бажариб, аммо залолатда юрган мусулмонларни ичида ишлаб уларни шу йўлидан қайтармоқчи бўлиб харакат қилгани маъқулми ёки у инсонлардан четлашгани тўғрими? Бу дунёда бирон бир натижа, ютуққа эришмоқчи бўлса фарз ибодатларни вақтида бажариб, шу йўлида юрса бўлаверадими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Тўғри йўлга бошлашга ҳаркат қилгани маъқул. Тушунчалар тўғри, лекин бу кимнидир шундай қил дейиши билан бўлиб қоладиган иш эмасда. Аста секинлик билан бўлади. Сиз ҳам ноумид бўлманг, ўзингиз камолот топишга ҳаркат қилинг сўнг ён атрофингизга тарқатишга ҳаракат қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган динни инсонлар қабул қилиши учун 40 йилгача бирорта ҳам ёлғон гапирмасдан сиддиқ мақомини олдилар. Аҳдини бузмасдан содиқ деган лақабни олдилар. Қўлларидаги борини йўқ демасдан энг сахий деган лақабни олдилар. Омонатга ўта қаттиқ эътибор берганларидан амин деган лақабни олдилар. Набираликни аъло даражада жойига қўйган эдилар Абдулмуттолиб кўрмаса туролмайдиган даражага етдилар. Тижоратда содиқ бўлгандилар Хадийжа онамиз ўзларини бағишладилар, никоҳига олишларини таклиф қилдилар. Қўшничиликни аъло дажада йўлга қўйгандилар қўшниси энг ашаддий душмани бўлса ҳам кўрганда ҳайбатланиб иззатини жойига қўядиган бўлди. Силаи раҳмни аъло даражада бажарганларидан қариндош уруғлари Аллоҳ қалбини очмаганидан бошқа иймон келтирмасликларига ҳеч қандай сабаб тополмадилар ва ҳоказо. Бизни яқинларимиз ҳам биз туфайли ҳидоят топишини хоҳласак аввало ўша камолот сифатларини ўзимизда мужассам қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Усиз иш битмайди. Бу уммат ниҳоят унумдор ерга ўхшайди. Аллоҳдан сўраб меҳнат қилинса ҳеч қачон зое кетмайди. Инсон бола чақа боқаман деб шариатга мувофиқ ишларни бажарса у тинмай зикр қилганнинг савобини олади. Зикр дегани махсус сўз ёки дуоларни ўқишдан иборат эмас, балки ҳар ҳолатида Аллоҳни унутмасликдир. Яъни қилаётган ишини шариатга мувофиқ бажарса ўша ҳам зикр ҳисобланади. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 01:06 | Савол-жавоблар | 140 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar