Қабр азоби каффорат бўладими

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, қабрдаги азоб гуноҳларга каффорат бўла оладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло одамларга зулм қилмайдиган одил ҳакам эканлигига шак-шубҳа йўқ. Аллоҳнинг ана шу адолати бандаларни ҳаққини кечмаслигини тақозо қилади. Шунинг учун ҳам бандаларни ҳаққини эгалари кечмагунча, Аллоҳ таоло ҳам кечмайди. Шу билан бирга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай вафот қилган киши олдин азобланса ҳам кейин жаннатга ва – Аллоҳ асрасин – ширк аҳлидан бўлганлар вафот этганидан кейин дўзаҳга киришига иймон келтириш керак.عَنْ جَابِرٍرَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَا الْمُوجِبَتَانِ؟ فَقَالَ: «مَنْ مَاتَ لَا يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا دَخَلَ الْجَنَّةَ، وَمَنْ مَاتَ يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا دَخَلَ النَّارَ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди. У зот: «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради. Ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилган ҳолда ўлса, дўзахга киради», дедилар». 
“Саҳиҳ Муслим” китобидан.
Бирор муайян шахснинг азобга учраши ёки азоби енгиллатиши ҳақида аниқ гап айтиб бўлмайди. Чунки бу Аллоҳ таолонинг хоҳиши, адолати ва фазлига, шунингдек бошқа биз билмаган нарсаларга боғлиқ. Умумий қили айтадиган бўлинса, аҳли илмлар бир қанча ишлар гуноҳларга каффорот бўлишини айтишган. Шулар жумласидан қабр азобини ҳам зикр қилишган.عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا يُصِيبُ الْمُسْلِمَ مِنْ نَصَبٍ وَلاَ وَصَبٍ وَلاَ هَمٍّ وَلاَ حُزْنٍ وَلاَ أَذًى وَلاَ غَمٍّ حَتَّى الشَّوْكَةِ يُشَاكُهَا إِلاَّ كَفَّرَ اللهُ بِهَا مِنْ خَطَايَاهُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 03:29 | Савол-жавоблар | 182 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar