Бир одамни айбласа ўзига қайтадими

Ассалому алайкум! Бир инсонга нисбатан ишлатилган фикр икки инсонга бирига таалуқли бўлади, деган мазмунда ҳадис борми? Яъни, мен кимгадир сиз ўғрисиз десам, у ўғри бўлмаса мен ўғри бўлиб қоламанми? Бўлса тўлиқ матнни ёзиб беринг илтимос.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Шариатимизда бировга ноҳақдан айб қўйишдан қайтарилган. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا، إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلَّا رَجَعَتْ عَلَيْهِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир киши ўз биродарига «Эй кофир», деса, ўша нарса иккисидан бирига қайтади – агар унинг айтганидек бўлса 
(бўлди) бўлмаса унинг ўзига қайтади», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бир кишини куфрда айблаш энг катта сўкишдир. Мўмин киши учун бундан ортиқ ҳақорат бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу иш шунчалик оғир бўлганидан ушбу ҳадиси шарифда масала бир йўла кўндалангига қўйилмоқда. Бир одам бошқа бир одамни кофирликда айбламоқчи бўлса, ўйлаб иш қилсин. Агар  «Эй кофир», деб сўкилган киши кофир бўлмаса, сўкканнинг ўзи кофирга айланиши турган гап.
Афсуски, баъзи кишилар бу нозик ва масъулиятли масалага етарли аҳамият бермай, сал нарсага кишиларни кофирга чиқариб юборишни яхши кўрадилар. Улар ўзларининг бу ишлари ўзлари учун ўта хатарли эканини билиб қўйишлари ва шунга қараб иш тутишлари лозим.عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: لَا يَرْمِي رَجُلٌ رَجُلًا بِالْفُسُوقِ وَلَا يَرْمِيهِ بِالْكُفْرِ إِلَّا ارْتَدَّتْ عَلَيْهِ إِنْ لَمْ يَكُنْ صَاحِبُهُ كَذَلِكَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир киши бошқа кишини фосиқликда ёки кофирликда айблаган бўлса-ю, соҳиби ундай бўлмаса, албатта, ўша нарса ўзига қайтади», деганларини эшитган эканлар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Шунинг учун тилга эрк бериб, бошқаларни фосиқликда ёки кофирликда айблайвериш яхши эмас. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 08:01 | Савол-жавоблар | 164 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar