Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари

Ассалому алайкум! Биламизки Роббимиз Аллоҳнинга 99 исмлари бор биз билган. Шайх хазратларини Суний ақийда китобидан 20та сифатларини ўқидим. Тушинмаганим Исмлари билан сифатларини нма фарқи бор. Аллоҳнинг 99 та исмлари шу 20 та сифатларни ичига кирадими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатлари ўртасидаги фарқлар ҳақида жуда кўплаб маълумотлар келган. Таҳқиқ қилинганда асосий фарқ шу бўладики, Аллоҳ таолонинг исмлари Унинг зотига ва Ундаги комил сифатларга далолат қилади. Масалан, “Ал-Қодир”, “Ал-Алийм”, “Ал-Ҳакийм”, “Ас-Самийъ”, “Ал-Басийр” каби. Сифатлар эса зот орқали тасаввур қилинадиган “илм”, “ҳикмат”, “самъ”, “басор” каби комил сифатлардир. Чунки бу исмлар Аллоҳ таолонинг зотига ҳам, Ундаги “илм”, “ҳикмат”, “самъ”, “басор” каби сифатларига ҳам далолат қилади. Шу маънода айтиш мумкинки, исм икки нарсага, сифат эса фақат бир нарсага далолат қилади.Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатлари бир-бирларидан қуйидагича фарқланади:
1. Исмлардан сифатлар келиб чиқади. Сифатлардан эса исмлар келиб чиқмайди. Аллоҳ таолонинг “Ар-Роҳийм”, “Ал-Қодир” ва “Ал-Азийм” исмларидан “раҳмат”, “қудрат” ва “азамат” сифатлари чиқади, лекин “ирода” ва “макр” сифатларидан “Мурийд” ва “Маакир” исмлари чиқмайди.
2. Аллоҳ таолонинг исмлари феълларидан чиқарилмайди. Аллоҳ таолонинг яхши кўриши, ёмон кўриши ва ғазабланишидан “Яхши кўрувчи”, “Ёмон кўрувчи” ва “Ғазаб қилувчи” маъносидаги “Муҳиб”, “Кариҳ” ва “Ғозиб” исмлари чиқмайди. Сифатлари эса Унинг феълларидан чиқарилади. Мазкур феълларидан “яхши кўриш”, “ёмон кўриш” ва “ғазабланиш” сифатлари чиқади. Шунинг учун ҳам сифатларнинг тури исмларнинг туридан кенгроқдир, дейилган.
3. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари паноҳ сўралиш ва қасам ичилишда тенг қўлланади, лекин Унга қулликни ифодалаш ва дуо қилишда фарқланади. Аллоҳ таолонинг исмларини айтиб Унга қуллик маъноси ифода қилинаверади. Масалан, Абдулкарим (Ал-Каримнинг қули), Абдурроҳман (Ар-Роҳманнинг қули), Абдулазиз (Ал-Азизнинг қули), каби. Лекин Унинг сифатлари айтилиб қуллик изҳор қилинмайди, масалан: Абдулкарам (Лутфу карамнинг қули), Абдурроҳмат (Раҳматнинг қули), Абдулиззат (Иззатнинг қули), дейилмайди. Шунингдек, Аллоҳ таолога Унинг исмларини айтиб дуо қилинади. “Эй Раҳим, бизларга раҳим қилгин, эй Карийм, бизларни икром қилгин, эй Латийф, бизларга лутф қилгин”, каби. Лекин Унинг сифатларини айтиб дуо қилинмайди. Масалан, “Эй Раҳматуллоҳ, бизларга раҳм қилгин, эй Карамуллоҳ, бизларни икром қилгин, эй Лутфуллоҳ, бизларга лутф қилгин”, дейилмайди. Чунки сифат мавсуфнинг, яъни сифатланмишнинг айни ўзи бўлмайди. Шу маънода раҳмат, карам ва лутфлар Аллоҳ таолонинг айни Ўзи эмас, балки Унинг сифатларидир. Бандаликни изҳор қилиш ва дуо қилиш эса фақатгина Унинг Ўзига бўлади, ундан бошқага жоиз эмас”. Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 00:24 | Савол-жавоблар | 172 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar