Ўгай ота қизга маҳрамми

Ассалом алайкум! Ўгай ота ўгай қизи билан онаси ишдалигида ёлғиз қолиши мумкинми? Уй бир хонали квартира, қиз 12 ёш атрофида.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Хотини етаклаб келган фарзанди эрига маҳрам бўлади. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:    حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ أُمَّهَاتُكُمْ وَبَنَاتُكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ وَعَمَّاتُكُمْ وَخَالاَتُكُمْ وَبَنَاتُ الأَخِ وَبَنَاتُ الأُخْتِ وَأُمَّهَاتُكُمُ اللاَّتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُم مِّنَ الرَّضَاعَةِ وَأُمَّهَاتُ نِسَآئِكُمْ وَرَبَائِبُكُمُ اللاَّتِي فِي حُجُورِكُم مِّن نِّسَآئِكُمُ اللاَّتِي دَخَلْتُم بِهِنَّ فَإِن لَّمْ تَكُونُواْ دَخَلْتُم بِهِنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ وَحَلاَئِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلاَبِكُمْ وَأَن تَجْمَعُواْ بَيْنَ الأُخْتَيْنِ إَلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُورًا رَّحِيمًا۝  23. Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Шариат ҳукми бўйича, эркак ва аёл рози бўлгач, ақду никоҳ ўтиши билан улар эр-хотинга айланадилар. Бирга эр-хотинлик қилиб яшасалар, бу араб тилида «духул бўлди», дейилади. Аммо ақду никоҳдан сўнг уларнинг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик. Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни бир одам аёл киши билан ақду никоҳни ўтказган ҳамда «духул» қилган, яъни қовушган ҳам бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади. Ояти каримадаги «қарамоғингиздаги қизлари» деган жумла урфга кирган, кўп учрайдиган одатни эътиборга олиб айтилган. Аслида ўгай қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса ҳам, улар ўртасидаги никоҳ ҳаром бўлаверади. Бу ҳукмнинг ҳикмати ҳам аниқ кўриниб турибди. Агар эркак кишига ўгай қизига уйланишга рухсат берилса, у қизнинг ўз онаси билан муносабатлари қийинлашади. Қолаверса, ўгай қиз ҳам қиз ўрнида. Аммо юқоридаги шартга кўра, ақду никоҳ бўлган-у, ҳали духул бўлмасдан туриб, аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланса бўлади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 18:02 | Савол-жавоблар | 265 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar