Ибодатларга рағбат

Ассалому алайкум! Бир савол жавобда кейинги намозларни ўқишинггизга рағбат бўлаётгани намозинггиз қабул бўлаётганидан дарак мазмунидаги жавобни ўқигандим. Буни мен учун ҳам деб тушунсам бўладими чунки намозинг қабул бўлмаяпти деган ўй ҳали ҳамон бор. Иложи борича кўп йиллик қазо намозларим ни ҳам ўқияпман. Нафл намозларни ҳам ўқиш истаги йўқ эмас. Имкон борида зуҳо намозини ўқияпман лекин давомлимас. Бамдоддан олдинроқ қазоларни кетма кетликда ўқияпман. Ҳаммасини ўқиволай кун бўйи вақтим бўлмаслиги мумкин ёш бўлам бор деб кетма кет қазо намозларимни бор кунлигини ўқияпман саждада узоқ қолмай субҳана роббиял аъла дейишим билан бош кўтараман шунгами шошиб ўқиётгандай бўлавераман лекин иложи борича хотиржам ўқишга ҳаракат қиламан. Барибир хаёлимда шу нарса. Менга таскин берадиган бирорта ҳадисми айтинг. Кўнглим хотиржам бўлсин. Худди ҳадисда келган 40 йил қарға дон чўқигани каби намоз ўқиган кишидек бўлавераман.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз бу шайтоннинг васвасаларига эътибор берманг. Сизни шундай васваса қилиб, намозлардан маҳрум қилмоқчи. Ин ша Аллоҳ намозларингиз қабул бўлади. Иложи борича шошилмай, хотиржам ўқишга ҳаракат қилинг. Имкон даражасида ўқинг. Нафлларнинг ўрнига ҳам уларнинг вақтида қазоларни ўқинг. Ҳам қазо намоз адо бўлади, ҳам Аллоҳнинг марҳамати ила нафлнинг савобини оласиз. Чунки намозлар гуноҳларни ювилишига сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ قَالُوا: لاَ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ قَالَ: فَذَلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الْخَطَايَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.
«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифдан намознинг фазилати ва гуноҳларнинг ювилиши бобида тутган ўрни яққол аён бўлмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маънони яхшироқ тушунтириш учун мисол келтирлар.
Бировнинг эшиги олдидан анҳор оқиб турсаю, у одам ўша анҳордан ҳар куни беш маҳал ювиниб турса, кир қолмаганидек, ҳар куни беш марта намоз ўқиган одамнинг гуноҳлари ювилиб, унда гуноҳ ҳам қолмайди.
Ким бир вақт намозни ўқимаса, унинг гуноҳларидан бир қисми тўкилмай, баданида кир қолади. Икки вақтни ўқимаса, яна ҳам кўпроқ қолади ва ҳоказо. Бир кунги намозларини ўқимаса, анчагина кир тўпланади. Бир ҳафта ўқимаса, бир ой ўқимаса, бир йил ўқимаса нима бўлиши маълум. Бир умр ўқимаганлар эса, бир умр ювинмаган одамдан кўра бир неча милён марта жирканч ҳолга келади. Чунки бадан кири моддий кир. Намоз ўқимаганнинг кири эса маънавий руҳий кирдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шаръий масалаларни тушунтириш учун шундай ёрқин мисоллар келтириш яхшилиги.
2. Намознинг ўта фазилатли эканлиги.
3. Намоз туфайли банданинг гуноҳлари ювилиши. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).  Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 05:16 | Савол-жавоблар | 156 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar