Рамазондаги хуфтон ва таровиҳлар билан боғлиқ савол

Ассалому алайкум! Рамазондаги хуфтон ва таровиҳлар билан боғлиқ эди. 1) Имом хуфтоннинг фарзида 2-ракъатдан кейин адашиб қаъдага ўтирмай туриб кетибди. Биз узоқроқда бўлганимиздан буни билмай ўтириб ташаҳҳудни ўқибмиз ва имом махфий қироат қилиб бўлиб рукуга кетаётиб «Аллоҳу акбар» деганида биз қиёмга турибмиз. Қолиб кетганимизни «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганда билиб шоша пиша руку қилдик. Шошиб рукуда тасбеҳ ҳам айтмай қоматимизни тиклаб бирдан саждага кетдик ва давоми бир хил кетди ва охирида имом билан саждаи саҳв қилдик. Шу ҳолатда айнан биз орқада қолиб кетганларнинг намози дуруст бўлганми? Агар дуруст бўлмаган бўлса таровиҳ ва витрнинг ҳукми қандай бўлади? 2) Таровиҳда ўқилаётган сурада сажда ояти бор экан. Бундан хабаримиз йўқ эди. Имом такбир айтганда саждага кетибди, биз эса руку деб ўйлаб руку қилибмиз. Имом яна такбир айтиб, суранинг давомини ўқиётганида билиб қолдим ва имом қироат қилаётганида ўзим тиловат саждасини қилиб олдим. Шу намозим дуруст бўлганми? 3) Яна бир марта юқоридагидек ҳолатда имом сажда қилганда руку қилибман. Кейин бошқалар сажда қилганини кўриб мен ҳам саждага кетдим. Ушбу намозим ҳам дуруст бўлганми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1) Тасбеҳ айтмаган бўлсангиз ҳам рукуъ қилиб қўлингиз тиззангизга теккан бўлса рукуънинг фарзи адо бўлган бўлади. Бир марта тасбеҳ айтиш вожиб, уч марта айтиш суннат ҳисобланади. Фарз намозингиз дуруст бўлади. Жамоат намозларидаги бу каби ҳолатлар афв қилинади. Таровеҳ ва витр намозларининг вақти хуфтон намозидан (фарз ва суннатидан) сўнг ҳисобланади. Шунинг учун хуфтондан олдин ўқилса, дуруст бўлмайди. Таровеҳ нафл намоз бўлиб қолади. Вақт бўлса ўқиб олган яхши бўлади. Вақт ўтиб кетган бўлса, қазо қилинмайди. Витр эса, вақти ўтиб кетган бўлса, қазо қилиб ўқилиши керак. Сизнинг ҳолатингизда, ин ша Аллоҳ, хуфтон намози ҳам таровеҳ ва витр ҳам дуруст бўлган. 2-3) Бунда ҳам дуруст бўлади. Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 05:38 | Савол-жавоблар | 152 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar