Сотувчини аниқлаш

Ассалому алайкум! Молни бозордан сотиб олиб бир харидорга устига қўшимча нарх қўйиб сотсам савдо халол бўлади. Лекин, харидор "молни бозордан олаябман" деб ўйласачи? Харидор молни аниқ кимдан олишини билиши шартми? Қурилиш сохасида ишлайман. Мижозларни вақти хам, хохиши хам йўқ бозордан ўз уйи учун керакли молларни харид қилишга. Кўпчилик тушунмайди хам қандай сифатли мол кераклигини. Мен мижозга қурилиш молларини бозордан сотиб олиб устига нарх қўйиб мижоздан қимматроқ пул оламан. Мижозга сотилган мол нархи ўртача бозор нархи. Мижозга умумий харид шунча пул бўлди, менинг хизматим шунча бўлади деб гапни кўпайтирмайман. У ўйлайдики "бозордан харид қилади" деб. Ёлғон ишлатилмайди, умуман. Шу тарзда бозордан мижоз учун керак бўлган молни сотиб олиб, қимматроққа сотсам мижозга, шу иш халол бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Саволни ҳам харидорга қилган муомалангиз каби жумбоқ қилиб берибсиз. Сиз харидорга очиқ-ойдин қилиб айтиб, ҳалол ишлашга ҳаракат қилинг. Мусулмон киши бошқа мусулмонни бошини айлантириб кўпроқ фойда олишга эмас, ҳалол савдо ва хизмат қилишга ҳаракат қилиши керак. "Бу молнинг нархи, бу менинг хизматим" деб айтинг. Мабодо бирор молни олиб сотадиган бўлсангиз ҳам, "шу молдан менда ҳам бор, нархи шунча" деб ишланг. Ҳалол савдода айб йўқ. Сизнинг харидор “молни бозордан оляпман” деб ўйлайди деган гапингиздан у алданяпгани кўриниб турибди. У сизга ишониб шартнома тузяпти, сиз эса унга нархни қимматлатиб сотмоқчисиз. Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 07:06 | Савол-жавоблар | 168 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar