Қўшнисида фитнага учраши қандай бўлади

Ассалому алайкум! Умар розияллоҳу анҳу фитналар ҳақида ҳадис сўраганларида, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу "кишининг фитнага учраши аҳлида, молида ва қўшнисида бўлади" деган эканлар. Кишининг қўшнисида фитнага учраши қандай бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! “Ҳадис ва Ҳаёт” китобида қуйидагича келади: عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فِتْنَةُ الرَّجُلِ فِي أَهْلِهِ وَمَالِهِ وَوَلَدِهِ وَجَارِهِ تُكَفِّرُهَا الصَّلَاةُ وَالصَّوْمُ وَالصَّدَقَةُ وَالْأَمْرُ وَالنَّهْيُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг аҳлидаги, молидаги, бўласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Фитна» сўзи «синов» маъносини англатади. Арабларда маъданни ўтга солиб, синаб кўриш ҳам «фитна» дейилади.
Маънавий соҳада эса инсоннинг иймон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари учун синов бўладиган нарсалар фитна дейилади. Шу маънода инсон учун унинг аҳли аёли ҳам фитна бўлиши мумкин. Баъзи кишиларнинг аҳли аёлига қизиқиб, уларни рози қиламан, деб, турли хатоларга йўл қўйишлари сир эмас.
Шу билан бирга, молу дунё тўплаш, уни сақлаш, жой-жойига сарфлаш ҳам маълум маънода фитнадир. Инсон мол-дунё ва унга тааллуқли ишлар билан машғул бўлиб кетиб, баъзи камчиликларга йўл қўйиши мумкин.
Бўла-чақа ҳам инсон учун фитнадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«...Молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас», деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида масжидга кириб келган жажжи набиралари йиқилиб тушганини кўриб, югуриб бориб уни кўтариб олганлар ва юқоридаги оятни ўқиганлар. Демак, бўла-чақа деб ҳам баъзи камчиликлар содир бўлиши мумкин. Бу бўлаларнинг фитнасидир.
Қўшнилар билан бўладиган муносабатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлса, буни қўшнининг фитнаси дейилади.
Мазкур хатоларга йўл қўйганда уларни ювиш учун Аллоҳ таоло мусулмонларга тўрт нарсани: намозни, рўзани, садақани ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункарни бергандир.
Мусулмон бу тўрт ибодатни ўз вақтида адо этиб турса, аҳли аёли, моли, бўласи ва қўшнисидан иборат тўрт нарсанинг фитнаси туфайли содир бўлган хатолари ювилиб турар экан. Ана шу фитналар туфайли содир этиладиган хатоларнинг каффороти учун бажариладиган амалларнинг бошида намознинг туриши бу ибодатнинг нақадар зарур ибодат эканлигини кўрсатмоқда. Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 14:20 | Савол-жавоблар | 164 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar