Пайғамбар Аллоҳни ўринбосарими?

Ассалому алайкум! Пайғамбар Аллоҳни ўринбосарими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Қуръони каримда Аллоҳ таоло бутун инсониятни, шу жумладан пайғамбарларни ер юзида халифа қилганлигини, яъни Аллоҳ таолонинг ҳукмини юргизиш масъулиятини юклаганини айтади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида қуйидагича марҳамат қилади: وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ۝ 30. Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, Мен ер юзида халифа қилувчиман», – деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз», – дедилар. (У Зот:) «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», – деди.
Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.
Сод сурасида:يَا دَاوُودُ إِنَّا جَعَلْنَاكَ خَلِيفَةً فِي الْأَرْضِ فَاحْكُم بَيْنَ النَّاسِ بِالْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعِ الْهَوَى فَيُضِلَّكَ عَن سَبِيلِ اللَّهِ إِنَّ الَّذِينَ يَضِلُّونَ عَن سَبِيلِ اللَّهِ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا نَسُوا يَوْمَ الْحِسَابِ۝  26. Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга, унутганлари учун, ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир.
Инсон зоти, аслида, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқат бошқа оятларда алоҳида таъкидланган. Ушбу оятда эса зиммасига одамлар орасида ҳукм қилиш масъулияти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонларга халифалик яна ҳам оғир вазифа экани таъкидланмоқда.
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик».
Яъни «Биз сени ер юзида ўзимизга ўринбосар қилиб қўйдик. Сен у ерда одамларнинг баъзи ишларини бошқарасан. Бу сенга жуда катта масъулиятдир. Уни адо этишда эҳтиёт бўл».
«Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит».
Шундай экан, Аллоҳнинг бандалари орасида адолат билан ҳукм юритади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 04:02 | Савол-жавоблар | 157 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar