Қуръон ёки иш

Ассалому алайкум! Мен ўтган йили сиртқи таълимга ўқишга кирдим ва жуда хурсанд бўлдим. Сабаби, йилда 2 маротаба ўқиб қолган вақтларда Қуръон ва араб тилини ўрганишимга кенг имконият деб билдим. Бироқ, ҳар сафар бувим ва бобомларнинг уйига борсам, улар мени ишга киргизишмоқчи бўлишади. Мен эса, ҳозир илм оляпман ишга кирмоқчи эмасман дейман ва улар бу гапимни дадамга айтишибди(дадам ҳозир Россияда). Дадам, бувам ва бобом мени Қуръон ўрганишимга, рўмол ўрашимга қарши. Дадам Россияга кетганда билдирмай рўмолга киргандим, лекин яқинда кимдандир эшитиб, телефон орқали менга қаттиқ гапларни айтди. Энди бўлса, мени ишга киргизишмоқчи. Яна дадам телефон қилиб "қаердаги эскичани ўрганиб мийянгни бузма(Астағфируллоҳ), такасалтанг бўлиб юрмай ишга кир" деди. Ё Университетни танла ёки Қуръонни танла деди. Агар ишласам Қуръон илмидан тўсиламан, қолаверса мени ишга олиб кирмоқчи бўлган ерларида рўмолга таъқиқ бор. Ўзимга қолса Қуръонни танлайман, албатта, лекин бу тарафда дадамга ҳам қарши боролмаяпман. Илтимос, домла менга шу масалада ёрдам беринг.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари жуда улуғдир. Фарзанд улар учун борини бериб хизмат қилса ҳам ҳақларини адо қила олмайди. Уларнинг розилигига эришиш фарзанднинг охиратда нажот топишига сабаб бўлади. Аммо, агар ота-она фарзандни маъсиятга буюрса, фарзларни тарк қилишга ундаса, фарзанд бу масалада уларга итоат қилиши лозим бўлмайди. Сатри авратни тарк қилмаган ҳолда, ота-онангиз истаган юмушларни бажариб, уларнинг розилигини олишга ҳаракат қилишингиз тўғри бўлади. Қуръон илмини ўрганиш истагида экансиз, буни ҳам бошқа ишлар билан бирга амалга оширишнинг имкони бор. Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 10:37 | Савол-жавоблар | 148 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar