Намозни жамлаб ўқиш

Ассалому алайкум! Отамла АҚШда юк машинаси хайдовчисила, доимий вақтлари узоқ йўлларга қатнаш билан ўтади, шу сабабдан саволим қуйидагича: йўловчи мусофир одам, доим йўлда юрадиган пешинни асрга, шомни хуфтонга қўшиб қисқартириб ўқисала бўладими? Суннатни ўқишлари керакми ёки фарз ўзиними? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир намозни вақтида ўқиш керак.
Уламоларнинг кўплари ҳадисдаги икки намознинг жамланиши суври жамдир деганлар. Яъни, «Суратдаги жам». Бунга биноан Пешин ва Шом намозлари охирги, Аср ва Хуфтон намозлари олдинги вақтда ўқилган бўлади. Чунки Пешиннинг вақти чиқиши билан Асрнинг, Шомнинг вақти чиқиши билан Хуфтоннинг вақти киради. Аммо буни одат қилиб олишга рухсат йўқ.
Намозни жам қилиб ўқиш Бунда Пешин ва Аср ҳамда Шом ва Хуфтон намозларини қўшиб, бирин-кетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда, сафардаги одам Пешин билан Асрни ва Шом билан Хуфтонни жамлаб ўқишига рухсат, дейдилар. Уларнинг айтишларича, Пешиннинг вақтида Асрни қўшиб ўқиб олса ёки Шомнинг вақтида Хуфтонни ўқиб олса, бўлади. Буни «жамъи тақдим» дейдилар. Шунингдек, Аср ва Хуфтоннинг вақтида уларга Пешин ва Шомни қўшиб ўқиса ҳам, бўлади. Буни «жамъи таъхир» дейдилар. Аммо Ҳанафий мазҳабида бунга рухсат йўқ. Уларда қуйидаги далилга биноан бошқача иш тутилади:عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَكَانَ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَجْمَعُ بَيْنَ صَلاَةِ الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ إِذَا كَانَ عَلَى ظَهْرِ سَيْرٍ وَيَجْمَعُ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَلَفْظُهُكَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا عَجِلَ عَلَيْهِ السَّفَرُ يُؤَخِّرُ الظُّهْرَ إِلَى أَوَّلِ وَقْتِ الْعَصْرِ فَيَجْمَعُ بَيْنَهُمَا وَيُؤَخِّرُ الْمَغْرِبَ حَتَّى يَجْمَعَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ الْعِشَاءِИбн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар устида бўлсалар, Пешин ва Аср ҳамда Шом ва Хуфтон намозларини жамъ қилар эдилар». 
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Муслимнинг лафзида:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарда шошилиб турсалар, Пешинни Аср вақтига кечиктириб, сўнгра иккисини жамъ қилиб ўқир эдилар. Шунингдек, Шомни кечиктириб у билан Хуфтонни жамъ қилиб ўқир эдилар», дейилган. 
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозни жамъ қилиш сафарда шошилиб тургандагина бўлган. Шунингдек, Пешинни охирги вақтига етиб бориб ўқиб, уни ўқиб бўлиши билан вақти кирган Асрни ҳам ўқиб олинган. Шунингдек, Шом ҳам охирги вақтига бориб ўқилиб, ундан кейин Хуфтон энг аввалги вақтида ўқилган. Намозларни бундоқ қилиб ўқишни Ҳанафий мазҳаби уламолари «Жамъи суврий», яъни «Суратдаги жам», дейдилар. Бунга биноан, Пешин ва Шом намозлари охирги, Аср ва Хуфтон намозлари олдинги вақтда ўқилган бўлади. Чунки, Пешиннинг вақти чиқиши билан Асрнинг, Шомнинг вақти чиқиши билан Хуфтоннинг вақти киради. Валлоҳу аълам!

23 Май 2022, 11:00 | Савол-жавоблар | 171 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar