Номаҳрам эркак ва аёл яширин суҳбатлашишини ҳукми

Ассалому алайкум! 1. "Қайсики эркак эрлик аёл билан зино қилса, то у аёлни эри қилган зинони кечирмагунича Аллоҳ у гуноҳни кечирмайди" деган мазмунда ҳадис борми?2. Телефон, интернет орқали номаҳрам эркак ва аёл яширин суҳбатлашишини ҳукми қандай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Бундай мазмунда ҳадис борлигини билмаймиз.
2). Ҳадисда қуйидагича келади: عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ  رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم قَالَ: إِنَّ اللهَ كَتَبَ عَلَى ابْنِ آدَمَ حَظَّهُ مِنَ الزِّنَا أَدْرَكَ ذَلِكَ لَا مَحَالَةَ، فَزِنَا الْعَيْنَيْنِ النَّظَرُ، وَزِنَا اللِّسَانِ الْمَنْطِقُ. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَزِنَا الْيَدَيْنِ الْبَطْشُ، وَزِنَا الرِّجْلَيْنِ الْمَشْيُ، وَزِنَا الْأُذُنِ الْاِسْتِمَاعُ، وَزِنَا الْفَمِ الْقُبَلُ، وَالنَّفْسُ تَمَنَّى وَتَشْتَهِي وَالْفَرْجُ يُصَدِّقُ ذَلِكَ وَيُكَذِّبُهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّيْخَانِ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир», дедилар».  
Бошқа бир ривоятда:
«Икки қўлнинг зиноси ушлаш, икки оёқнинг зиноси юриб бориш, қулоқнинг зиноси эшитиш, оғизнинг зиноси ўпишдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилур. Фарж эса уни тасдиқлар ёки ёлғонга чиқарур», зиёда қилинган.
Абу Довуд ва Икки шайх ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Зино «Бегона аёлга яқинлик қилиш» деб таърифланади. Бу гуноҳи кабиралардан бўлиб, у никоҳда бўлган кишидан содир бўлиб, исботланса, шариат ҳукми бўйича, у тошбўрон қилиб, ўлдирилади. Агар зино никоҳда бўлмаган одамдан содир бўлса, юз дарра уриш билан жазоланади. Аммо шундай қаттиқ жазога сабаб бўладиган оғир жиноят тўсатдан, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ўзига хос муқаддималари бор. Аввал кўрилади – шаҳват назари тушади, шу маънода гапирилади, иккинчи томоннинг гапи эшитилади, зино жойига юриб борилади, қўл билан номаҳрам одамнинг аъзолари ушланади ва охири зино содир бўлади. Ана шу муқаддима ҳисобланган нарсалар ҳам зино ҳисобланади. Номаҳрамга шаҳват билан назар солган киши кўз зиноси қилган бўлади. Номаҳрамга шаҳвоний гаплар айтган одам эса тил зиноси қилган бўлади. Номаҳрам одамнинг шаҳвоний гапларини эшитган киши қулоқ зиноси қилган бўлади. Номаҳрамнинг ортидан шаҳвоний мақсадда юрган киши оёқ зиносини қилган бўлади. Номаҳрамнинг баданини ушлаган одам эса қўл зиносини қилган бўлади. Ушбу зиноларнинг ҳар бирига гуноҳ ёзилади. Албатта, қилинган ишнинг хатарига, миқдорига қараб, гуноҳнинг оз ёки кўплиги аниқланади. Ушбу мажозий маънодаги зиноларнинг қозиликка етиб борганларига таъзир жазоси ҳам берилади. Ислом жамияти том маънодаги пок жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Унда зино ҳаром. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Бир нарсага сабаб бўладиган нарсаларни ҳаром қилмай туриб, унинг ўзини ҳаром қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун зино ҳаром бўлиши билан бирга, унга сабаб бўладиган ҳамма нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Бу ишлар қаторига ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган шаҳвоний қараш, гап-сўз, тинглаш, юриб бориш ва ушлаш ҳам, бу ҳадисда зикр қилинмаган, кейинчалик пайдо бўлган турли фоҳиша суратлар, фильмлар, ёзувлар, китоблар ва бошқа нарсалар ҳам киради. Ислом жамиятида ундай нарсаларга ўрин йўқ. Ҳеч бир мусулмон бундай нарсаларга яқин йўламаслиги керак.("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 17:28 | Савол-жавоблар | 131 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar