Ёшликдаги Зино

Ассалому алайкум! Ҳозир ёшим 22да Иншааллоҳ Намоз ўқийман. Қўлдан келганича қолдирмасдан. Бу Рамазонда қолдирмасдам рўзаларни ҳам таровех намозини ҳам қолдирмай тутдим, Аллоҳ қабул қилсан. Ёшлигимда шайтонми ёки нафсимни тия олмасдан қўл зиносини жуда кўп қилар эдим. Ўз ўзимни бошқара олмасдим ҳам Лекин ҳози бу ишни умуман қилмаяпман. Чунки Аллоҳдан шу балодан қутулишни сўрар эдим. Худога шукур насиб қилди. Базида шахватим қўзғаса ўзимни тия оладиган даражадаман.  Беҳаё филмлар ёки видеоларни кўрмаяпман, бундай ҳаром нарсадам узоқроқ юрушга ҳаракат қиляпман. Ман Аллоҳ таоло жамолини кўришга жаннатий инсон бўлишга ҳаракат қиляпман. Шу ёшликдаги қилган гуноҳимни Аллоҳ кечирармикин? Баъзан тушкунликка тушуб қоламан шуни ўйлаб. Тавбани қаттиқ қиламан.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Гуноҳдан тавба қилган ва тавбангизда собит бўлсангиз ноумид бўлманг. Қуйидаги ҳадисда айтилган хушхабардаги ёшда экансиз. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: الْإِمَامُ الْعَادِلُ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ فَأَخْفَى حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أبَا دَاوُدَ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман» деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам ва холи қолиб, Аллоҳни эслаганда кўзидан ёш оққан одам», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ Кун – Қиёмат кунидир.
Қиёмат кунида иссиқ шиддатли бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса ҳамма ҳам ўзини ололмайди. У Зот Ўзи хоҳлаган бандаларинигина Ўз соясига олур.
Ушбу ҳадисда ана шу даҳшатли Қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиганлардан етти тоифанинг зикри келмоқда:
1. «Одил имом».
Намозда имом бўладиган киши имом деб аталиши ҳаммага маълум. Исломий истилоҳда намознинг имомлиги «кичик имомлик» дейилади. Ислом давлати бошлиғи эса «катта имомлик» ҳисобланади.
Ўз навбатида Ислом динида имомнинг ҳам, ҳокимнинг ҳам адолатли бўлиши талаб қилинади. Айниқса ҳукмдорлар ҳар бир ишда адолатли бўлишга тарғиб этиладилар.
Ушбу ҳадис ҳам ана шу тарғиблардан бир намунадир. Унда адолат билан ҳукм юритган мусулмон ҳукмдор Қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган пайтда Аллоҳ Ўз соясига оладиган бахтиёр кишилардан бўлиши таъкидланмоқда. Бу давлат бошлиғидан ташқари, ҳар бир мусулмон жамоага бошлиқ бўлган шахсга ҳам тегишлидир. Кишилар ҳаётида раҳбарнинг тутган ўрни муҳим эканлиги учун ҳам одил имом етти тоифа ичида биринчи бўлиб зикр қилинмоқда.
Ҳукмдор одил бўлса, табиийки, жамиятда золимлар, жиноятчилар, ёмонларга ўрин қолмайди. Имоми одил бўлган жамиятда тинчлик, омонлик, яхшилик ҳукм суради.
2. «Ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш».
Инсоннинг ёшлигида қилган тоат-ибодати алоҳида таҳсинга сазовордир. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганида ноилож ўзини ибодатга уриш бир бошқа, ёшлик ғурурини енгиб, турли орзу-ҳавас ва шаҳватларни, ҳавойи нафсни енгиб, тоат-ибодатни мукаммал қилиш бир бошқа! Ҳақиқий қаҳрамонлик аслида мана шудир.
Асл тақводор, асл парҳезкор киши ёшликдан ҳалол ва тоат-ибодат ила ўсган одамдир. Ёшлигида қилганини қилиб олиб, қариганда сўфи бўлиб олганларнинг тақвоси ямоқ тушган чопонга ўхшайди. Шунинг учун ҳам Исломда ёшликдан тоат-ибодат билан улғайишга катта аҳамият берилади, болаларни балоғатга етмай туриб, ибодатга ўргатишга тарғиб қилинади.
Ушбу ҳадиси шарифда ёшлигидан Аллоҳнинг ибодати ила вояга етган кишиларга қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан жой ваъда қилиниши ҳам бежиз эмас.
Демак, Қиёмат куни – Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ куни Аллоҳ таолонинг соясидан жой олишни хоҳлаганлар ёшлик чоғлариданоқ Аллоҳнинг ибодатини канда қилмай борсинлар. Ота-оналар фарзандларига яхшиликни раво кўрсалар, уларни ёшликдан Аллоҳнинг ибодатида ўстирсинлар.
3. «Қалби масжидга боғлиқ киши».
Ушбу ҳадиси шарифнинг мана шу бобда келтирилишининг асл сабаби ҳам унда ушбу жумланинг борлигидир. Унда инсонларнинг қалби масжидларга боғлиқ бўлиши қанчалар фазилатли эканлиги баён қилинмоқда. Яъни кўнгилнинг масжидларга боғлиқ бўлиши аслида унда масжидларга бўлган муҳаббатнинг кучлилигидандир. Бундай одам ҳеч қачон масжиддан қолмайди, ҳаётини, ибодатини масжидларсиз тасаввур қила олмайди. Бир марта масжидга бориб, намозини ўқиб чиққанидан кейин янаги намозга интизор бўлиб туради.
Бундай одам катта шарафга эга бўлади. Қиёмат куни – Аллоҳнинг соясидан бошқа соя қолмаган Кунда Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади!
Ана шундай бахтга эришиш учун қалб масжидларга боғланса, бас! Доимо жамоат намозларига қатнаб турилса, бас! Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Аллоҳ таоло ундай кишини Қиёмат куни албатта Ўз соясига олади.
4. «Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қўйиб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши».
Дунёда кишилар турли нарсалар, мақсадлар юзасидан ўзаро муҳаббат, дўстлик-биродарлик ришталарини боғлайдилар. Кимлардир шахсий манфаат юзасидан, кимлардир иш, ҳизб, мол-дунё юзасидан дўстлашадилар.
Аммо Исломда ҳақиқий биродарлик, ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлади.
Мусулмон киши ўз биродарига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди. Аллоҳ розилигини истаб, унга кўмак беради, яхшилик соғинади, биродар тутинади.
Мусулмон киши ўз биродарини Аллоҳ учун севади, Аллоҳ учун ҳурмат қилади, Аллоҳ учун қадрлайди. У билан бўладиган ҳар бир иш Аллоҳ учун бўлади.
У ўз биродари билан Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашади. Агар икки мусулмон ана шу ҳолатда бир-бирига муҳаббат қилса, бу муҳаббатлари уларни охиратда улкан бахтга эриштиради. Қиёмат куни уларнинг ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таоло соясида паноҳ топишга муяссар бўладилар.
Шунинг учун ҳам биз, мусулмонлар ўзаро Аллоҳ учун муҳаббат қилишга одатланишимиз, бир-биримиз билан Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашишимиз лозим.
5. «Мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганида «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган одам».
Аллоҳ таолодан қўрқиб, ўз шаҳватидан кечиш улкан фазилатдир. Гуноҳ ишдан қўрқиб, ўзини четга олиш, охират азобидан чўчиб, ўзининг оний лаззатидан кечиш катта жасорат. Аллоҳ таоло бундай бандани муносиб тақдирлайди. Мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзи чақириб турганида, фақат Аллоҳ таолодан қўрқиб, уни рад этиш улкан қаҳрамонликдир.
Аллоҳ таоло аввало мазкур қаҳрамонликни қилган одамни қиёмат куни Ўз соясига олади. Қолаверса, Ўзи учун кечилган оний лаззатни жаннатдаги абадий ҳалол лаззат билан алмаштиради.
Биз, мусулмонлар бундай мардликка ҳамиша тайёр туришимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбиялашимиз лозим.
6. «Садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам».
Исломда хайр-садақа қилишга, шу йўл билан бева-бечора, етим-есирларга иқтисодий ёрдам беришга қаттиқ тарғиб қилинади. Шу билан бирга, садақанинг махфий бўлиши марғуб саналади. Ана ўшанда садақа риёдан холи бўлади. Энг муҳими, садақани олаётган киши хижолат бўлмайди, садақа Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлади.
Ҳадиси шарифда бу маъно ажойиб услубда баён қилинмоқда – садақани махфий қилган киши «ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам» деб васф қилинмоқда. Бу эса садақа қанчалик махфий бўлса, шунчалик яхши эканлигига далолатдир.
Аввалги пайтларда мусулмонлар шундай қилганлар. Мискинлар, камбағаллар, бева-бечоралар ўзларига қилинган хайр-садақадан хурсанд бўлиб, Аллоҳга шукр айтганлар, «Аллоҳ садақа берганларнинг ажрини берсин», деб дуо қилганлар. Чунки садақа қилган одам кимлигини била олмас эдилар.
Биз ҳам шундай бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим. Хайр-садақа Аллоҳнинг розилиги учун бўлганидан кейин, у ҳар қанча махфий қилинса ҳам Аллоҳ билиб олаверади. Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Аллоҳ таоло садақанинг махфийсини яхши кўради. Махфий садақанинг мукофоти ҳам улкан бўлади – Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топилади. Ана шу бахтга муяссар бўлишни истаган киши садақани ўта махфий қилишга интилсин. Бу махфийлик ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қоладиган даражада бўлса, яна ҳам яхши.
7. «Аллоҳни холи қолиб эслаганида кўзидан ёш оққан одам».
Бу ерда тақводорлик риёкорликдан холи бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Кишиларнинг кўзига тақводор бўлиб кўриниш жуда ҳам осон. Кўпчилик олдида Аллоҳни эслаб, кўзидан дув-дув ёш тўкадиганлар оз эмас. Лекин ҳақиқий тақводор ёлғиз ўзи қолганда Аллоҳдан қўрқиб, кўзидан ёш тўкадиган одамдир. Ана шундай даражага етган одамгина ҳақиқий тақводор ҳисобланади. Ана шундай даражага етган одамгина Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандай бандалар қаторида қилсин ва ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга соҳиб бўлишимизни насиб айласин. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 17:45 | Савол-жавоблар | 147 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar