Хабар тўғрими?

Ассалому алайкум! Устозлар шу хабар туғри ми? фатво.уз телеграм каналида уқидим : КОРОНАВИРУС ЮЗАСИДАН ШАЙХ ТАҚИЙ УСМОНИЙ ТАВСИЯЛАРИ Замонамиз алломаси, фақиҳи, Покистон диёри собиқ бош қозиси, муфтий шайх Муҳаммад Тақий Усмоний (ҳафизаҳуллоҳ) айтадилар: “Кеча бир солиҳ киши телефондан менга алоқага чиқди. Мен у кишини танийман. Тушида кўп бора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиб туриши ҳақида хабарим бор эди. Айтишича, кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрибди. Ул зот ҳозирги кунда ҳаммани ташвишга солаётган вабо ва бошқа барча ёмонликлардан сақланиш учун қуйидагиларни ўқишни тавсия қилибдилар: 1. Фотиҳа сурасини 3 марта; 2. Ихлос сурасиини 3 марта; 3. “Ҳасбуналлооҳу ва ниъмал вакиил (- Бизга Аллоҳ таоло кифоядир ва Ул Зот энг яхши вакилдир)” дуосини 313 марта. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний (ҳафизаҳуллоҳ) туш кўрган кишининг гапини айтиб бўлиб шундай дедилар: “Тўғри, туш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдай шаръий ҳужжат бўлмаса-да, бизга туш орқали бирор ҳушхабар келса, одатда унга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди. Шунинг учун тушни кўрган биродаримиз барчага манфаатли бўлишини умид қилиб, мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур тавсияларини тарқатишимни илтимос қилди. Қайси бир мусулмон мазкур тавсияларни астоидил бажарса, Аллоҳ таоло уни бу “КОРОНАВИРУС” вабосидан Ўз ҳифзида сақлашини умид қиламиз. Аллоҳ таоло барчамизни паноҳида асрасин. Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси. 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунда бирор гапни айтиш кўп мулоҳазаларни тақазо қиладиган бўлиб қолди. Бир хабарни рост эканлиги кифоя қилмай қолди. Уни одамлар ақли кўтарадими ёки йўқми шунга ҳам қараш керак бўлиб қолди. Чунки одамлар диний тушунчалари жуда саёз ҳамда баъзи диёр мусулмонлари билан бошқа диёр мусулмонларининг дин тўғрисидаги тушунчалари бир-биридан жуда катта фарқ қилиб қолмоқда. Шахсан ўзимиз гувоҳ бўлганимиз, Девбанд уламолари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш оддий бир ҳолат. Оддий бир мисол Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ замонамизнинг руҳий тарбия борасидаги саноқли кишилардан ҳисобланадилар. Ўзларининг бир марузаларида балоғат ёшига етмасидан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни юздан зиёд зиёрат қилганларини айтганлар. Мавритания олимларидан Муҳаммад Ҳасан Дедду ҳафизаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни неча бор тушда зиёрат қилганлигини сўралганида саноғини билмайман деганлар. Икки хабар ҳам Ютуб каналида жойлаштирилган. Ҳозир ҳам топишингиз мумкин. Бизни диёр аҳли бу неъматдан кўпҳам насибадор бўлмаганлари учун бу ҳақида сўз юритилса мазах қилиш даражасигача боришмоқда. Аввалроқ шу каби бир ҳолатни зикр қилганимизда одамлар ақлига сиғдиришолмай туҳмат қилиб хаёлларига келган гапларни гапириб юборишди. Биз бу борада хабарни нотўғри деёлмаймиз. Тўғридан тўғри бу ҳақида ўзларидан сўраттирган эдик, бу хабарни тасдиқладилар.  Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 18:46 | Савол-жавоблар | 150 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar