Ҳар ким ўз ишини қилсин
Ассалому алайкум! Ўзи шу кунларда шундай ҳолатлар жуда кўп кузатилаётгани учун шу муносабатни билдириб қўйишга қарор қилдим. Зикр аҳлидан сўранг ҳайъатининг оила ва турмуш рукнига "Азизбек" профилидан бир одам савол берган. Унда зикр аҳлидан сўранг ҳайъатининг кўкракдошлар никоҳи ҳақидаги саволга берган жавобларига танқид қилинган. Аввало сиз "Азизбек" профилидаги одам ва бошқа шариатни тўлиқ тушунмай аҳли илмларга ўзича раддия билдирадиган одамлар ҳаддингизни билиб юрсангиз ўзингиз учун жуда яхши бўларди. Шариат сизга ўйинчоқ ёки сизни жиғилдонингиз тусаган нарса эмас. Бу одамлар 3 та китобни чала ўқиб фатво айтадиган одамлар эмас. Шайх роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари-ку ахир. Мен шахсан бу одамлар ҳар бир саволга жавоб бераётганида дўзахни бир кўзи олдида тасаввур қилиб кейин жавоб берадилар деб биламан. Бу одамлар фатвога енгил қарайдилар деб ўйлайдиган бўлсангизлар адашасизлар. Фаразан, бир фосиқ одамни Аллоҳ тўғри ҳидоят йўлига бошлади ва шариат аҳкомларини қила бошлади лекин бир олдиндан қолган одати бор, шундан воз кеча олмаябти. У чўчқа гўштини жуда яхши кўриб еб юрган. У аҳли илмларга шу гўштни ейишда давом этсам майлими деса, албатта, мутлақ ҳаром, ҳозироқ бу фикрдан қайтинг деган жавобни олади. Биров чиқиб: нима, сизлар нимага қараб айтдингизлар бу фатвони, бир одам шунча йил севиб еб юрган чўчқа гўштидан воз кечиши осонми?! дея олмайди. Битта одам оиласини ароқ чиқарадиган заводда ишлаб юриб боқиб юрди. Бирдан ҳидоят насиб қилди-да, бу ишимдан мен аҳли илмларни айтиши бўйича мутлақ воз кечишим шарт экан деди. Бир қариндоши ўша аҳли илмни ёнига бориб: шунча обрў-мартабага эга бўлиб, шунча йил ароқ заводни директори бўлиб юриб энди шу ишдан воз кечадими?! Ўйлаб фатво бердизми?! 6 та боласи ва аёлини боқиш осонми энди?! дея олмайди. Зинокор зинони ҳаромлигини билгач, мен шундай лаззатдан воз кечаманми энди, осонми шу?! Майли намоз ўқийман лекин зино ҳам қиламан дея олмайди асло. Динни аҳкомларига тўлиқ бўйсунилади, дин одамларни жиғилдонига, нафсига бўйсунмайди. Агар дин ҳаммани нафсига бўйсуниб кетса унинг динлиги қолмайди. Саволга келсак, кўкракдошларнинг никоҳи умуман боғланмайди. Агар 30 йил бахтли турмуш кечириб, 20 та фарзанди бўлса ҳам улар тезда ажрашишлари шарт бўлади. Аввало, ўша уларнинг оналари кимнидир ўзини боласидан бошқани эмизаётганда келажакда никоҳланиш масалалари юзасидан шундай ҳолатлар келиб чиқмаслик тадбирини кўриб қўйишлари фарз эди. Ақли бор одам шариатни аҳкомларини ўрганиши фарз-ку ахир. Зикр аҳлидан сўранг ҳайъати ҳаром ишни қилманглар, оқибати ёмон деб огоҳлантирганига шукур қилмайсизми? Одам дўзах амалини қилиб юрганда, уни оловдан қайтарган кишига раҳмат дейиш ўрнига маломат қилиб юрибмиз. Сизни гапингиз ҳа дўзахга кириб кетса кетаверсин, нима ишингиз бор сизларни дейишга ўхшайди. Одамларни ақли бирор нарсани кўтармаса, демак шунга амал қилмаймиз деса, ҳозир бутун дунё алғов-далғов бўларди. Чунки кимнингдир ақли кўтарган нарсани бировнинг ақли умуман қабул қилмайди. Шунинг учун энг адолатли бўлган, Аллоҳнинг ҳузуридаги ягона ҳақ дин - Ислом дини ҳамма сафсаталарни йўқ қилиб, энг асосий мезонни тақдим қилади. Шу кунларда шунга ўхшаган ҳолатлар ижтимоий тармоқларда кўп урчиябти. Бир одам умуман тартибли илм олмаган лекин даъвони улкан қилиб замондош уламолар қолиб, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳгача ҳам гапиради. Уят! Бир имом ёки аҳли илм қайсидир бир қурилиш, шифокорлик ёки муҳандислик соҳасидаги мутахассисларга ақл ўргатмайди. Буни шу ёшга кириб кўрмадим лекин жуда кўп бошқа динга алоқаси бўлмаган, динни тартибли равишда олмаган одамлар ақийдадан аҳли илмларга ақл ўргатишга бўлган уринишини жуда кўп гувоҳи бўлдим. Яхши кўпчилик аҳли илмлар бу йўлда сабот билан, сабр билан туриб чиройли жавоб қайтаришади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тирик бўлсалар бундайларни биринчи яхшилаб савалаб, ақли кирмагунча қамаб қўярдилар. Мен шу зикр аҳлидан сўранг ҳайъатига бизнинг ўта оддий саволларимизга ҳам эринмасдан жавоб бериб келаётганидан жуда хурсандман ва уларга ташаккур айтаман. Бизнинг аҳволимизни ўйлаб, шулар жаҳолатдан чиқсин деб тишини-тишига қўйиб оддий саволларга ҳам жавоб беришади. Аслида улар, нимадир намоздан оддий савол бўлса "Кифоя", "Мўминнинг меърожи" китобларини ўқинг деб, Ҳажда фалон амални қилсам бўладими деганда эса "Мўминнинг умр сафари" китобини ўқинг деб қўя қолсалар ҳақлари бор эди. Ҳа майли, кел шулар ҳам оввора бўлиб юрмасин, ибодатларини комил қилсин деб жавоб беришади. Сўзимнинг охирида мен зикр аҳлидан сўранг ҳайъатидан шундай одамларнинг ўта одобсизлик қилганлари учун шахсан мен узр сўрайман. Бу ҳолат биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Олдинроқ ҳам биттаси чиқиб, айнан зикр аҳлидан сўранг ҳайъати аъзоларига одобсизлик қилганди. Мен шу ҳайъатнинг аъзоларини ҳаётда ҳам кўрмаганман ва шахсиятларини ҳам аниқ билмайман лекин анча фойдалар олганман. Ҳар ким ўз доирасида ҳаракат қилишни илтимос қилиб сўрайман. Дурадгор 25 йиллик тажрибали жарроҳга қандай операция қилиш кераклигини, новвой 30 йиллик тажрибали архитекторга қандай бино қуриш кераклигини, сартарош эса 20-30 йил кечалари ухламасдан илм олган олимларга ақл ўргатишларини бас қилишларини сўраб қоламан. Агар шундай ишларни бас қилсак яъни ҳар ким ўз истеъдоди билан ҳаракатланса жамият яшнайди. Агар акси бўлса, ишонинг, биз умуман ривожланишни хаёлимизга келтирмасак бўлади. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва боркатуҳ.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Тўғри мулоҳаза қилибсиз. Қани энди бошқалар ҳам шу фикрга боришса. Валлоҳу аълам!
25 Май 2022, 19:23 | Савол-жавоблар | 175 | Долзарб саволлар
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Тўғри мулоҳаза қилибсиз. Қани энди бошқалар ҳам шу фикрга боришса. Валлоҳу аълам!
25 Май 2022, 19:23 | Савол-жавоблар | 175 | Долзарб саволлар