Оёққа масҳ тортиш

Ассалому алайкум! Биз Андижонда ховлида (участка) турамиз бизда қиш совуқ бўлади, тахорат олганда пешинда оёқларни ювиб сўнг махси кийиб эртаси кунги пешингача масх тортиб юрсак бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бўлади. "Кифоя" китобида қуйидагича келади:
Масҳнинг муддати бетаҳоратлик етганидан бошлаб муқимга бир кечаю бир кундуз. Мусофирга уч кечаю, уч кундуз.
Бу ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ҳадиси шарифлардан олганлар:عَنْ شُرَيْحِ بْنِ هَانِئٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ سَأَلْتُ عَائِشَةَ عَنِ الْمَسْحِ عَلَى الْخُفَّيْنِ، فَقَالَتْ عَلَيْكَ بِابْنِ أَبِي طَالِبٍ فَسَلْهُ، فَإِنَّهُ كَانَ يُسَافِرُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَأَلْنَاهُ، فَقَالَ جَعَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ وَلَيَالِيَهُنَّ لِلْمُسَافِرِ وَيَوْمًا وَلَيْلَةً لِلْمُقِيمِ رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ  Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим. У киши:
«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», деди. Ундан сўраган эдик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», деди».
Муслим ва Насоий ривоят қилишган.
Муқим одам бир кечаю бир кундуз махсига масҳ тортиши мумкин. У муддат ўтгандан кейин эса, агар таҳорати синмаган бўлса, махсини ечиб, оёғини ювиши шарт.
Мусофир одам эса уч кечаю уч кундуз махсисига масҳ тортиб юраверса бўлади. У муддатдан ўтиб кетса, мусофир ҳам махсисини ечиб, оёғини ювиши лозим.عَنْ خُزَيْمَةَ بْنِ ثَابتٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ الْمَسْحُ عَلَى الْخُفَّيْنِ لِلْمُسَافِرِ ثلَاثَةٌ وَلِلْمُقِيمِ يَوْمٌ وَلَيْلَةٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Махсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 20:19 | Савол-жавоблар | 163 | Таҳорат
|
Boshqa savol-javoblar