Сажда қилаётганда дуо қилса бўладими

Ассалому алайкум! Ҳарамда эдим. Тавоф қилаётган ёш йигитлардан учтаси ёнимга келди. Улардан бири шеригини кўрсатиб: – Шу биродаримизнинг ҳаққига дуо қилиб қўйсангиз, – деди. – Тинчликми? – сўрадим мен. – Бугун пайшанба, келаётган шанба куни оғзини операция қилдиради… Тил саратони бўлган экан, унинг тили, томоғи умуман оғзи саратон бўлган. Операциядан эса, беш фоиз умид бор, холос. Мен бемор йигитга юзландим: – Сенга бу дардни ким берди? – Аллоҳ. – Нега берди? Нима учун сени бу дардга мубтало қилди? – ... – Мусибат, ё гуноҳ сабабидан тушади ёки Аллоҳ суйган бандасига мусибат беради. Билгинки, Аллоҳ сени яхши кўради, У сенинг дуо қилмоғингни истайди. Энг узоқ қилган саждангни эслайсанми? Бир дақиқами, икки дақиқами? – Эслолмадим, бир дақиқага бормайди. – Докторга қанча «сажда» қиласан? Сўзимни нотўғри тушунма, сажда ҳокисорлик демакдир. Докторга навбат кутиб туришинг бир нав ҳокисорликдир. Агар доктор шу иссиқ кунда, “Мен бандман, кечгача кутинглар“, деса кутасанми? – Ноилож кутаман. – Қара, докторнинг саждасига бир кунингни ажратар экансан, аммо дардни давоси билан туширган Аллоҳ таолога эса бир дақиқа ҳам сажда қилмайсан... Нотиқ шу ерда ҳикояни тўхтатиб, бошқа ҳодисани баёнига ўтади. Бир куни масжидда одамларга мазкур воқеани айтиб бераётиб, уларга савол бердим: “Орангизда беш дақиқа сажда қилган киши борми? Илтимос умрида беш дақиқа сажда қилганлар бўлса, қўлини кўтарсин!” Ҳеч ким кўтармади. Умрида икки дақиқа сажда қилганлар бўлса, беҳижолат қўлини кўтарсин, дедим. Ҳамма ерга қаради. Ҳеч ким бошини кўтаргиси келмасди. Ҳа, ўта тез айтилган “Субҳана Роббиял аъла” тасбеҳи бизнинг уч ёки беш сония вақтимизни олади, деярли ҳаммамиз сажда учун 5 ё 10 сония ажратамиз, холос. Нотиқ бу чекинишидан сўнг асл ҳикоясига қайтди. – Пайғамбаримиз соллАллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган они саждада турган пайтидир. Бас, дуони кўпайтиринглар”, деганлар. Ука, узоқ сажда қилиб, ўзинг Аллоҳга ялиниб ёлвор, дедим. У ёнимда намоз ўқиди. Ҳарамда одам кўп эди. Хотиржам намоз ўқишнинг иложи йўқ. Йигит намозни тугатиб: “Таҳоратга чиқиб келай” деб кетди. Шу-шу, у билан бошқа кўришмадим. Орадан саккиз ой ўтгач, Жиддада унинг шеригини кўриб қолдим. Салом-аликдан кейин беморнинг ҳолини сўрадим. “Ўша куни таҳоратга чиқиб кетган шеригимиз, ҳа деганда келавермади. Ярим соат ўтди, бир соат, бир ярим, ҳануз ундан дарак йўқ эди. Ҳар хил хаёлга бордик, наҳот адашган бўлса! Бўлиши мумкин эмас, деб мен шеригимни излаб чиқдим, таҳоратхонага бордим, у ерда йўқ, ерга чўзилиб ётган кишилар ёнига келиб қидирдим, у ерда ҳам йўқ. Охири пана жойда намоз ўқиётганини кўриб қолдим, саждада экан. Ёнига бориб мен ҳам икки ракат намоз ўқидим. Намозни тугатиб у билан гаплашаман десам, у ҳамон саждада экан. Беш дақиқа, ўн дақиқа, йигирма дақиқа кутдим. У саждадан бошини кўтармас эди. Ниҳоят қирқ беш дақиқача ўтгач, саждадан бошини кўтарди. Биз Риёдга қайтдик, Франциядан мутахассис доктор чақирилган. Операциядан олдин доктор рентген натижаси ва қон анализи билан танишди. Унга икки хил рентген натижаси ва икки хил анализ натижалари берилди. Бири шанба кунги натижалар, иккинчиси аввалги натижалар. – “Бу нима? Мана буниси бошқа одамни анализи бўлса керак”, деди. Ҳамширалар ҳар иккала рентген ва анализ шу беморники эканини тасдиқлашди. Доктор ҳайратланиб “бўлиши мумкин эмас” дерди. Ушбу мақолага ишониб, сажда қилганда субҳаана робиял ало дан кейин дуо қилса бўладими. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри мақола?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Албатта, дилидан хоҳлаганча ўтказиши мумкин. Аллоҳ қалбдаги нарсаларни ҳам билувчи Зот. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 20:31 | Савол-жавоблар | 185 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar