Бомдод намози жамоат вақти

Ассалому алайкум! Ман Москвада ишлайман. Квартирада 4 киши турамиз. Бомдод намозини жамоат бўлиб ўқиймиз. Хозир бомдод вақти 2:25 да қуёш 4:34 да. Саволим шуки биз 2:25дан уйғонишни бошлаймиз, то хамма бита-битта тахорат олгунча соат 3 бўлиб қолади. Баъзида ундан хам ўтиб кетади. Шундай пайтларда жамоатни кутмай ўзим ўқиб олсам бўладими ёки жамоат бўлиб ўқиган афзалми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Жамоатнинг савоби улуғ. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُما، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صَلَاةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلَاةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ  Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Демак, жамоат намозининг фазли гоҳида йигирма беш, гоҳида йигирма етти даража устун бўлар экан. Бундай фарқ масжиднинг узоқлиги, намозхоннинг ихлоси ёки имомнинг тақвосига боғлиқ бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, жамоат билан намоз ўқишниг фазли беқиёс каттадир. عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَعْظَمُ النَّاسِ أَجْرًا فِي الصَّلَاةِ أَبْعَدُهُمْ فَأَبْعَدُهُمْ مَمْشًى، وَالَّذِي يَنْتَظِرُ الصَّلَاةَ حَتَّى يُصَلِّيَهَا مَعَ الْإِمَامِ أَعْظَمُ أَجْرًا مِنَ الَّذِي يُصَلِّي ثُمَّ يَنَامُ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ  Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг намоздан энг катта ажр оладигани 
(масжидга) юриб келадиган масофа узоқ бўлганидир. Имом билан намоз ўқишга интизор бўлганнинг ажри намозни ўқиб бўлиб, ухлаганнинг ажридан улуғдир», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳам жамоат намозининг фазлини кўрсатади. Киши жамоат намозига қанчалик узоқдан келса, шунчалик кўп ажр олади. Имом билан жамоат намозини ўқишни кутиб ўтирган одам ҳам савобга эришади. Шунинг учун ҳам доимо жамоат билан намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 20:54 | Савол-жавоблар | 175 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar