Зиёратгоҳларга бориб ният қилиш

Ассалому алайкум! Бизнинг тарафда "ХАЗРАТИ АЛИ" ва шунга ўхшайдиган зиёратгоҳлар мавжуд. Ўша зиёратгоҳларга бориб кассага назр деб пул ташлаб, ният қилиб келиш кўпчилик одамларга одат бўлиб қолган. Шу ишимиз жоизми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! У жойларни зиёрати ҳам оддий қабрни зиёратидан фарқ қилмаслиги керак. Улардан сўраш, мадад кутиш куфрдир. Бундай қилиш шаръий нуқтадан мутлақо жоиз эмас. Ширкнинг турларидан бири бўлиб, иймонни кетказади. Бутпарастларнинг бир нечта илоҳлари бор. Биттасини ризқ берувчи дейишади, яна бирини омад келтирувчи, бирини яхшилик, бирини ёмонлик, бирини сув, бирини темир, бирини ер, бирини осмон худоси деб тушунишади. Бизникилар ҳам айни шундай ширк эътиқодга ўтириб бўлишган. Довуд алайҳиссаломни темир худоси дейишади, гарчи лафзини пир деб ўзгартиришган бўлса ҳам у кишига атаб қилаётган ишлари айни бутпарастлар бутларига қилгандек муомала қиладилар. Масалан у кишига атаб жонлиқлар сўйишади, мадад қилишини сўрашади. Нуҳ алайҳиссаломни ёғоч худоси қилиб олишган ва бу борага тегишли ҳамма ишларда у кишидан мадад сўрашади. У кишига атаб таомлар пиширишади, охлиқлар аташади. Имом Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳни яхшиликлар худоси, ёмонликларни даф қилувчи балогардон деб юқоридаги ишларни қилишади. Бундан ташқари фарзанд тиланадиган, ризқ тиланадиган худочаларини ҳисоби йўқ. Ўзларича ҳар бир мақбаранинг тагида шундай худоча қилиб олишган. Буни ширк ва кўпхудолик бўлишидан ҳеч қандай фарқи йўқ. Чунки у каби ишларни аслида Аллоҳ таолонинг Ўзигина қодир ва Аллоҳ таолонинг ўзидангина сўраш керак. Кўпхудолик тарихини ўқиб ҳозиргиларни “пир”ига қилаётган муомаласидаги фарқни топингчи. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:01 | Савол-жавоблар | 158 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar