Фарзандим вафоти

Ассалому алайкум! Ўғил фарзандим 5 кунлик бўлганда вафот этган. Айтингчи шу фарзандим фақатгина онаси учун шафоатчи бўладими ёки отаси учун ҳамми? 2). Қарздор бўлиб ўлса хаттоки шахидлик мақоми ҳам жаннатга киришга монелик қилади, агарда нобуд бўлган фарзанди бўлса қарздор инсонниг жаннатга кириши учун шафоатчи бўла оладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Иккисидан қайси бири вафот топган вақтнинг ўзидаёқ сабр қилган ва ўша мусибатнинг савобини умид қилган бўлса шафоатга эришади. Бу ишни қилмаган бўлишса иккисига ҳам бўлмайди.
2). Қарзини тўлаши шарт. Ҳадисда “агар шаҳид бўлган тақдирда ҳам қарзини тўламагунича жаннатга киритилмайди”  дейилган. وَلِلنَّسَائِيِّ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ رَجُلًا قُتِلَ فِي سَبِيلِ اللهِ، ثُمَّ أُحْيِيَ ثُمَّ قُتِلَ، ثُمَّ أُحْيِيَ ثُمَّ قُتِلَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ مَا دَخَلَ الْجَنَّةَ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ دَيْنُهُ  Насаий қилган ривоятда:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади.
Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом. Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.
Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади, холос. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:05 | Савол-жавоблар | 121 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar