Хойрул қуруун

Ассалому алайкум! Қурон тиловатни савобини бағишлаш ҳақидаги саволга “бу нарса хойрул қуруундан бери уломолар томонидан инкорсиз қабул қилиб келинаётган амалдур” дейилибди. Хойрул қуруун дегани нима?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида зикр қилинган уч асрни хойрул қурун деб аталади. عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: خَيْرُكُمْ قَرْنِي ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، - قَالَ عِمْرَانُ: لَا أَدْرِي ذَكَرَ اثْنَيْنِ أَوْ ثَلَاثَةً بَعْدَ قَرْنِهِ - ثُمَّ يَجِيءُ قَوْمٌ يَنْذِرُونَ وَلَا يَفُونَ، وَيَخُونُونَ وَلَا يُؤْتَمَنُونَ، وَيَشْهَدُونَ وَلَا يُسْتَشْهَدُونَ، وَيَظْهَرُ فِيهِمُ السِّمَنُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг яхшиларингиз менинг асрим
(дагилар)дир. Сўнгра уларга эргашиб келганлардир. (Имрон «У зот ўз асрларидан кейинги икки (аср)ни зикр қилдиларми, уч (аср)ни зикр қилдиларми, билмай қолдим», деди). Сўнгра бир қавмлар келурки, улар назр қилурлар, вафо қилмаслар, хиёнат қилурлар, ишонилмаслар, гувоҳлик берурлар, гувоҳликлари талаб қилинмас ва уларда семириш зоҳир бўлур», дедилар».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввалги китобларда ҳам ўтган. Шунинг учун бу ерда унинг ўзимиз ўрганаётган бобимизга тегишли жойини таҳлил қилиш билан кифояланамиз. Ҳозир биз ўрганишимиз лозим бўлган жойи эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Сўнгра бир қавмлар келурки, улар назр қилурлар, вафо қилмаслар», деган ибораларидир.
Ушбу иқтибосни ҳадиси шарифнинг умумий маъноси билан қўшиб таҳлил қиладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрларида ва у асрдан кейинги энг яхши икки, уч исломий асрларда яшаган одамлар бошқа амаллар қатори, назрларига вафо қилишни ҳам ўзларининг мусулмонлик бурчлари деб билганларини тушуниб оламиз. Ҳамда ана шу саодатли асрда яшаб ўтган саодатли кишилар бу бурчларини тўлиқ амалга оширганлари турган гап эканлиги, мазкур хайрли асрлардан кейинги асрларда келадиган кишилар эса Ислом таълимотларига амал қилишда аста-секин сустлашиб, камчиликларга йўл қўйишлари, жумладан, ўзлари атаган назрларга вафо қилмай қўйишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан аввалдан айтиб қўйилганлигини билиб оламиз.
Бинобарин, назрига вафо қилувчилар ҳақиқий, асл мусулмонлар, аксинча, назрига вафо қилмайдиганлар умуман, дину диёнат билан иши йўқ ёки иймон-эътиқоди суст кишилар бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:09 | Савол-жавоблар | 162 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar