Инсон вафот этиб, сўнг яна дунёга бошқа инсон бўлиб келиши ростми?

Ассалому алайкум! Инсон вафот этгандан сўнг яна дунёга бошқа инсон бўлиб келиши ростми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Руҳнинг асл ҳақиқатини нима эканлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّن الْعِلْمِ إِلاَّ قَلِيلاً۝ Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», – деб айт» (Исро, 85).(«Тафсири Ҳилол» китобидан).
Руҳларнинг бир танадан бошқа танага кўчишига келсак, бу назария илм-фан тилида «реинкарнация» дейилади. Араб тилида «таносуҳ, тажассум» деб аталиб, бу атама ўлимдан сўнг руҳнинг бир танадан чиқиб, бошқа бир жасадга кўчиши ҳақидаги асоссиз назарияга нисбатан ишлатилади. Ўтмишда ғайбий ҳодисаларга ақли етмаган жоҳил кимсалар, ақидаси бузуқ қавмлар (масалан, баъзи равофизлар, буддага сиғинувчи ҳиндлар, ҳатто христиан динига мансуб бўлган баъзи бир кишилар) ана шундай тушунчада бўлишган.
Улар қиёматда қайта тирилишни, ҳар бир руҳ ўз жасадига қайтиб, жаннатга ёки дўзахга киришини инкор қиладилар ва руҳлар танани тарк қилганидан кейин, бошқа янги туғилувчи чақалоқ танасига киради – дейишади. Баъзида ўз хулқи ва шаклига муносиб бўлган ҳайвон, ҳашорат ва қушларнинг танасига киради ва амалларига қараб неъматланади ёки азобланади – дейишади. Сўнг яна ўша амали ва ахлоқига муносиб бошқа таналарга киради – дейишади. Мана шу уларнинг наздида кишининг амалига яраша неъматланиш ёки азобланишдан иборатдир.  Агар гуноҳ қилса, у ўлгач, руҳи ит ёки тўнғиз, ёки кофир жасадига ўтади ва азобланади. Оқибатда барча руҳлар қилган гуноҳидан покланиб, Парвардигорга қайтади. Бундай тоифадаги кишилар наздида, руҳлар танадан ажрагач, уларнинг қарор топган жойлари ўзларига муносиб ҳайвонлардан иборатдир. Баъзилари шундай яшаш доимий давом этади – деса, баъзилари инсон етти бор бу дунёга қайта келади – дейишади. Баъзилар эса : Руҳ танани тарк этгач буткул йўқ бўлиб кетади, қилган амалига яраша бўлган неъмат ёки азобланиш жасадга бўлади – дейишади.
Бундай гаплар ботил ва бундай эътиқод Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча анбиёлар иттифоқ қилган эътиқодга зид бўлиб, Аллоҳ ва қиёмат кунига кофир бўлиш ҳисобланади.(Аллоҳ сақласин). Минг афсуски, ҳозир динимиз таълимотларидан бехабар айрим кишилар ана шундай таги йўқ гапларга ишониб юришибди. Баъзи матбуот нашрлари руҳларнинг инсонга ёки жонзотларга кўчиши ҳақидаги шов-шувли хабарларни чоп этиб, уларни чалғитишга сабабчи бўлишмоқда.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, ҳар бир жасаднинг алоҳида руҳи бор.  لَا يَذُوقُونَ فِيهَا الْمَوْتَ إِلَّا الْمَوْتَةَ الْأُولَى وَوَقَاهُمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ۝ Улар у ерда биринчи ўлимдан ташқари ўлимни тотмаслар. (У Зот) уларни дўзах азобидан сақлар. (Духон. 56). («Тафсири Ҳилол» китобидан).
Ҳар бир жасад ўз руҳи билан қиёматда қайта тирилади ва ҳисобга тортилади. Сўнг уларга бериладиган азоб ёки неъмат ҳам жасадига, ҳам руҳига бўлади. Шу ўринда “инсон вафот топгач уларнинг руҳлари қаерда бўлади?” деган саволга уламолар турлича фикрлар айтганлар. Инсон вафот топиши билан қабр ҳаёти бошланади. У ҳаётда руҳларнинг турар жойлари бир-биридан фарқ қилади.
1-Набий ва расул саловатуллоҳи алайҳим ва саламуҳулар. Уларнинг руҳлари “Малаул аъло”да “Иллиййин”да бўлади. Уларнинг манзиллари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожда кўрган мақомларда.
2-Шаҳидларнинг руҳлари жаннатдаги қушларнинг жиғилдонига жойлаштириб қўйилади. Улар жаннатнинг хоҳлаган жойларига саёҳат қиладилар. Қиёмат қоим бўлгач ўз таналарига қайтарилиб, таналари ила жаннатга кирадилар. Бу мақом ҳам шаҳидларнинг ҳаммаларига тегишли эмас. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаҳшдан қилинган ривоятда: Киши шаҳид бўлсада, қарзи туфайли руҳини жаннатга киришидан тўхтатиб турилади. Қачон қарзини тўласа, кейин кириши айтилади. Улардан баъзилари жаннат дарвозасининг олдида тўхтатиб қолинган бўлади ва баъзиси эса қилган гуноҳи кабиралари туфайли қабрининг ўзида тутиб қолинган бўлади. Яна баъзилари имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисга биноан турар жойи жаннат дарвозаси олдидаги яшил қуббада бўлади. Уларга эртаю кеч жаннатдан ризқлари етказиб турилади. Яна баъзи руҳлар юқорига кўтарила олмай ернинг ўзида қолади. Улар дунёда Роббисининг маърифатини ҳосил қилмаган, муҳаббатини қозонмаган, зикр ва ибодатида бўлмаган кишиларнинг руҳларидир. Баъзиларининг руҳлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърож кечасида кўрганларидеқ, зинокорлар ташлаб қўйиладиган тандур каби ости кенг жойда бўлади. Баъзилариники эса ўша кечада кўрилган жойларда бўлади. Кофирларнинг руҳлари эса “Сижжийн”да бўлади – дейишган.
Бундан келиб чиқадики, барча бахтли ёки бахтсиз кишиларнинг руҳлари бир жойда бўлмайди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларни текшириб чиқиш орқали келинган натижадир. Ўлган инсоннинг руҳи маълум муддатгача яқинларининг ёнига келиб туриши ҳақида саҳиҳ ҳадислар йўқ. Лекин ҳадисларда: Бирор киши вафот топса амалига яраша юқоридаги руҳлардан қайсидир бирига қўшилиб, оиласи ва аҳли аёлининг ҳақида сўраши, яхши ишларига хурсанд бўлиб, ёмон ишларига ранжиши айтилган. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:36 | Савол-жавоблар | 178 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar