Рўзани туз ёки сув билан очиш шартми?

Ассалому алайкум! Кўп одам рўза пайтида оғзини очишга туз, сув билан очиш керак дейди. Шу гап борми ё аёлларнинг ирим-сиримими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! عَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَفْطَرَ أَحَدُكُمْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى تَمْرٍ فَإِنَّهُ بَرَكَةٌ، فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى مَاءٍ فَإِنَّهُ طَهُورٌ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки бирортангиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Кун бўйи рўза тутиб юрган инсоннинг жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганида оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг организмга таъсири жуда ҳам каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалар экан.
Буни ҳозирги замон илми ҳам қаттиқ таъкидламоқда. Бу борада илмий тажрибалар ўтказган олимларнинг кўпчилиги мусулмон бўлмаганлари, хурмо дарахти ўсадиган минтақадан эмасликлари учун асосан сув билан оғиз очиш яхши эканлигини таъкидламоқдалар.
Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда оғизни хурмо ёки сув билан очишга одатланмоғимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:53 | Савол-жавоблар | 161 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar