Раҳмат набийсининг дуолари

Ассалому алайкум! Яқинда бир маърузага кўзим тушган эди. Бу маърузада Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в олдиларига кўзлари ожиз бўлган инсон келиб дуо қилишини сўрайди. Шунда Набийимиз у инсонга яхшилаб таҳорат олиб, 2 ракъат намоз ўқиб дуо қилишларини сўрайди, яъни дуода ўзларини Раҳмат набийси эканлиги келади. Мен мана шу дуони тўлиқ шаклини билиб ёдламоқчи эдим.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! عَنْ عُثْمَانَ بْنِ حُنَيْفٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا ضَرِيرَ الْبَصَرِ أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: ادْعُ اللهَ أَنْ يُعَافِيَنِي، قَالَ: إِنْ شِئْتَ دَعَوْتُ، وَإِنْ شِئْتَ صَبَرْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ، قَالَ: فَادْعُهُ، فَأَمَرَهُ أَنْ يَتَوَضَّأَ فَيُحْسِنَ وُضُوءَهُ، وَيَدْعُوَ بِهَذَا الدُّعَاءِ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ، إِنِّي تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ لِتُقْضَى لِيَ، اللَّهُمَّ فَشَفِّعْهُ فِيَّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ  Усмон ибн Ҳанийф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир кўзи ожиз киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Аллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин», деди.
«Хоҳласанг, дуо қиламан. Хоҳласанг, сабр қил. Бу сен учун яхшидир», дедилар».
«Дуо қилинг», деди.
Бас, уни таҳорат қилишга, таҳоратини мукаммал қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар:
«Аллоҳим! Албатта, мен Набийинг Муҳаммад – раҳмат Набийси ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин, дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бошқа ривоятда «Бас, кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди» дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари доимо қабул бўлишини билган баъзи кишилар ўзлари учун у зотдан дуо сўраб турар эдилар. Бунга мисоллар жуда кўп. Саҳобаи киромлар томонидан охират саодати ҳақида дуо сўралгани ҳам маълум ва машҳур.
Ушбу ҳадисда эса кўзи ожиз киши кўзи очилиши ҳақида дуо қилишларини сўрамоқда. Одатда Пайғамбар алайҳиссалом доимо беморликни даволашга амр қилганлар. Аммо бу кишига у ҳақда сўз очмаганларидан унинг кўзи қаттиқроқ беморликка учраган бўлса керак.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аҳли фазл кишидан беморликка офият бўлиши учун дуо сўраш жоизлиги.
2. Бировнинг дардига офият сўраб дуо қилиш яхши эканлиги.
3. Кўзи ожиз бўлиб, даво топа олмаган инсон сабр қилса, катта ажрларга, ҳатто кўзи очилгандан ҳам юқорироқ даражага эришиши.
4. Дуо сўраган кишига икки нарсадан бирини: дуо қилиш ёки дуо қилмасликни танлашни таклиф қилиш жоизлиги.
5. Дуо қилишдан олдин яхшилаб таҳорат қилиш аҳамиятли эканлиги.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила, шафоатчи қилиб, дуо қилиш мумкинлиги.
Ушбу ҳадисни бу фаслга қўшиш ила тавассул жоиз эканлигига ҳужжат келтирилмоқда. Дуо¬ни тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзига қилавермасдан, орага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шафоатчи этган ҳолда дуо қилишга ишора этилмоқда. Шу билан бирга, бировдан дуо сўраб туравермай, инсон ўзи ҳам ихлос билан дуо қилиши кераклигини кўриб турибмиз.
Гоҳида киши ўзи дуо қилганида дуоси қабул бўлмаётганини мулоҳаза қилиб қолади. Шунда қандайдир бирор василага эҳтиёж сезади. Ана шундай пайтда васила ила дуо қилиш жоиз бўлади.
Имом Табароний ушбу ҳадисдан олдин бир қиссани келтирганлар. Унда қуйидагилар зикр қилинган:
«Бир одам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига ҳожати юзасидан кириб, чиқиб юрар эди. Усмон унга илтифот ҳам қилмас, ҳожатини ҳам чиқармас эди. Ҳалиги одам Усмон ибн Ҳанийфга учрашиб, мазкур ҳолат ҳақида шикоят қилди.
Шунда Усмон ибн Ҳанийф унга «Таҳоратхонага боргин-да, яхшилаб таҳорат қил. Кейин масжидга бориб, икки ракъат намоз ўқи ва «Аллоҳим! Албатта, мен Пайғамбаринг Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин, дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил», деб туриб, ҳожатингни сўра. Сўнг олдимга келсанг, мен ҳам сен билан бирга бораман», деди.
Ҳалиги одам бориб, унинг айтганини қилди. Кейин Усмон ибн Аффоннинг эшигига борди. Бас, эшик оғаси келиб, унинг қўлидан ушлаб, ичкарига олиб кирди ва Усмон ибн Аффон ўтирган жойга, унинг ёнига ўтирғизди. У «Нима ҳожатинг бор?» деб сўради. У ҳожатини айтди. Унинг ҳожатини чиқариб, «Бундан кейин қандай ҳожатинг бўлса, келавер», деди.
Кейин ҳалиги одам унинг олдидан чиқиб, Усмон ибн Ҳанийфнинг олдига борди ва:
«Аллоҳ сенга хайр берсин. Сен айтиб қўймаганингда, у менга илтифот қилмас эди», деди.
Шунда Усмон ибн Ҳанийф:
«Аллоҳга қасамки, мен унга ҳеч нарса деганим йўқ. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кўр одам келганини кўрдим. Ҳалиги одам у зотга кўзи кўр бўлиб қолганидан шикоят қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сабр қила олмайсанми?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, етакловчим йўқ. Жуда қийналиб кетдим», деди.
«Таҳоратхонага бор. Таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқи. Кейин ушбу дуоларни қил», дедилар.
Кейин биз тарқалмасимиздан олдин ҳалиги одам олдимизга кириб келди. Аллоҳга қасамки, у худди кўр бўлмагандек эди», деди». ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 21:59 | Савол-жавоблар | 169 | Дуолар
|
Boshqa savol-javoblar