Логистика диспетчерлик

Ассалому алайкум! Мен бир логистик компанияда ишлайман. Бизнинг ишимиз фақат АҚШ давлатининг ичида ва биз брокерлардан юк олиб ўзимизнинг компаниямизда ишлайдиган ҳайдовчиларга берамиз. Ҳайдовчилар компанияга ҳар бир олган юкининг маълум бир қисмини тўлашади. Баъзи ҳолларда агар юкни қимматроқ олсак ҳайдовчига озроқ беришимиз ҳам мумкин (масалан юрадиган йўли камроқ бўлса у юкни $1200 га олсак ҳайдовчига $1000 деб айтамиз). Қолган пул компанияга қолади. Бундан ҳайдовчиларимизнинг умуман ҳабари бўлмайди. (Биз юкнинг нархи $1000 деб айтамиз брокер шунча беряпти демаймиз) 1) Шу ишимиз тўғрими? Топаётган пулимиз ҳалолми? Иккинчи саволим шундан иборатки, баъзида брокерлардан юк олаётган пайтимизда брокерлар "теам", яъни жамоа бўлган ҳайдовчиларни сўрашади. Биз ундай бўлмаса ҳам "ҳа, улар жамоа" деб юкни оламиз ва сохта жамоа қилиб маълумотларни берамиз. Ҳайдовчини ҳам олдиндан огоҳлантириб қўямиз. Агар брокер телефон қилса биз жамоамиз шеригим ухлаяпти деб айтгин деб. Бу ишлар жуда кўп содир бўлади. 2) Бу ишимиз тўғрими ёки бундай ишда ишламаган маъқулми? Илтимос бу саволимни телеграмдаги каналга ҳам қўйсангиз, чунки ҳозирда бу иш жуда ҳам оммалашган ва кўплаб ўзбек биродарларимиз ишлаб келишмоқда.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Ҳамма ишингизни ёлғон аралаштирмасдан очиқ-ойдин айтинглар. Шундай қилсангизлар зоҳиран қараганда камроқ фойда қилсангизлар ҳам лекин баракаси бўлади. Зеро ҳалол билан ҳаром тенг бўлурми?! Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 23:10 | Савол-жавоблар | 157 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar