Омадлотто ҳақида

Ассалому алайкум! Саволим Омадлотто тўғрисида. Излаш хизматидан лотореялар тўғрисидаги баъзи савол-жавобларни ўқиб чиқдим. "Кўпчилик пул тикиб, охирида бир киши хаммасини ютуб олса, бу қимор ҳисобланади. Қимор эса гуноҳ ишдир" - деган жавоблар учради. Тўғри, Омадлотто лотореясида кўпчилик пул тикади, лекин охирида барча ютуқни бир киши олмайдику. Масалан, Омадлоттонинг 433-тиражида 3 362 киши 35 155 сўмдан, 122 киши 645 853 сўмдан ва 1 киши 432 801 600 сўмдан пул ютуғига эга бўлишган. Улар ютиб олган пуллар ҳалол эмасми? Омад тушунчасига келсак, авваламбор, ҳамма нарса Аллоҳдан. Улар ютиб олган пулларни Аллоҳнинг марҳамати деб қарасак бўлмайдими? Нотўғри савол берган бўлсам узр. Астағфируллоҳ.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Сиз бир киши ютади деганда нотўғри тушунибсиз. Бир неча киши ютиб бир неча киши ютказиши ҳам қиморга киради. Ҳар бир кирган нарсани фойда деб ўйлайвермаслик керак. Аллоҳ Ўзи ҳаром қилган нарсадан бандасини ҳазар қилиш ёки қилмаслигини ҳам имтиҳон қилади. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 23:25 | Савол-жавоблар | 144 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar