Аёлимни аввалги никоҳидаги фарзандлари

Ассалому алайкум! Аллоҳ илмингизни зиёда қилиб охиратда соябон қилсин. Саволим шундан иборат мен оилам бузилиб 3 фарзандли яъни 2 қиз бир ўғли бор оиласи бузилган аёлга уйланганман. Мен аёлимни қонуний никоқ қилиб аёлимни фарзандларини номимга ўтказиб масалан фалончи қизи ёки ўғли деб хужжатлаштирсам ва мени фарзандларим деб даъво қилсам хато қилмайманми? Насл насаб хақида савол жавоблар ўқиб ўзимдаги холатга бироз тушунмай қолдим. Ҳозирда бу болалар мени ўз отасидек кўради мен хам фарзандим деб қабул қилганман, лекин асранди болалар ўгай ота учун ўгай ота асранди бола учун хақиқий ота ҳисобланмайди. Ўгай отани отам деса гунох деб ўқиб қолдим. Сизлардан илтимос нима қилсам тўғри бўлади? Бундай холат фақат менда эмасдир. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Хотинни еталаб келган болалари эр учун рабийб ва рабийбалар дейилади. Улар онасининг эрини ота дейишлари мумкин, эр ҳам уларни фарзандим дейиши мумкин, лекин пуштикамаримдан фарзандим деб даъво қилиши, улар вафот топса меросини олиши ёки ўзи вафот топса меросини уларга тақсим қилиб бериши жоиз эмас. Чунки улар насаб жиҳатидан онасининг эрига бегона ҳисобланишади.  
Шариатимизда табанний яъни бировни боласини ўз пуштикамаримдан бўлган болам ёки тутинган болам деб тарбиясига олиш жоиз эмас. Албатта ёрдамлашиш маъносида қарамоғига олиб тарбия қилиш жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккисини ҳам қилган эдилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ўғил қилиб тутинган эдилар, Алий розияллоҳу анҳуни кўп фарзандли оила бўлганлари учун ўз тарбияларига олганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни асранди ўғил қилиб олишларини бекор қилди. Алий розияллоҳу анҳуни бекор қилмади. Ҳозирда фарзанд боқиб олаётганлар ҳаммага “ўз пуштикамаримдан бўлган болам” деб таништиради, болани ўзига ҳам ота-онаси кимлигини айтишмайди. Бу эса гуноҳ ҳисобланади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам َعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي خُطْبَتِهِ عَامَ حَجَّةِ الْوَدَاعِ: إِنَّ اللهَ قَدْ أَعْطَى لِكُلِّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ، فَلَا وَصِيَّةَ لِوَارِثٍ، الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ، وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ، وَمَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ أَوِ انْتَمَى إِلَى غَيْرِ مَوَالِيهِ فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللهِ التَّابِعَةُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ، لَا تُنْفِقُ امْرَأَةٌ مِنْ بَيْتِ زَوْجِهَا إِلَّا بِإِذْنِهِ، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَلَا الطَّعَامَ؟ قَالَ: ذَلِكَ أَفْضَلُ أَمْوَالِنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ  Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги хутбаларида:
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берди. Ворисга васият қилиш йўқ. Болага тўшакка қараб нисбат берилади. Зинокорга тош. Ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола. Ким отасидан бошқанинг 
(насабини) даъво қилса ёки ўз мавлоларидан бошқага мансуб деб билса, унга қиёматгача Аллоҳнинг узилмас лаънати бўлгай. Хотин эрининг уйидан унинг изнисиз нафақа қилмас», деяётганларини эшитдим.
«Эй Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» дейилди.
«У энг афзал молимиз-ку», дедилар у зот».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.
Шарҳ: Қасддан бировнинг насабига қўшилиш Исломда қаттиқ қораланади. Бу ўзидан бўлмаган болани «Меники» дейиш ўзининг отаси бўлмаган одамни «Менинг отам», бегона қабилани «Менинг қабилам» дейиш билан баробардир.
Чунки бу ҳолларда кўпгина ношаръий ишлар содир бўлади, ҳақ-ҳуқуқлар поймол этилади. Бегона одам ёлғон даъво билан маҳрам ҳолига кириб олиши, мўмина-муслималар билан ношаръий ҳолатларда бўлиши, мерос олиши ва бошқаларнинг меросдаги насибаларини бузиб юбориши мумкин.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда ундай одамга Аллоҳ таолонинг лаънати узилмай етиб туришини таъкидлаб айтмоқдалар. Қиёматда эса қилганига яраша жазосини олади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).  Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 00:02 | Савол-жавоблар | 142 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar