Дўстлар билан алоқани узиш

Ассалому алайкум! Бугунги кунда одамлар орасида қариндошлик, дўстлик алоқаларини узиш каби нохуш ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Қариндошлик алоқаларини узиш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадисларидан яхши биламиз. Аммо дўстлик алоқаларини узиш ҳақида нима дейилган? 2). Агар гуноҳ бўлса, гуноҳ қайси тарафга ёзилади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Аввало шариат дўст танлаш борасида кўрсатма бериб, Қуръонда “Содиқлар билан бирга бўлинглар” дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши охиратда ўзи суйган кишиси билан бирга бўлади” деганлар. عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّمَا مَثَلُ الْجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالْجَلِيسِ السَّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ، فَحَامِلُ الْمِسْكِ إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً، وَنَافِخُ الْكِيرِ إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ  Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Солиҳ улфат ва ёмон улфат худди аттор ва босқончига ўхшайди. Аттор ё сенга беради, ё сен ундан сотиб оласан, ёхуд ундан хушбўй ҳидни топасан. Босқончи бўлса ё кийимингни куйдиради, ё сен ундан қўланса ҳидни топасан», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳа, яхшиларга ёндашиш фойда келтиради. Ҳеч бўлмаганда уларнинг яхшилигини кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо ёмонга ёр бўлган эса ёмон бўлади. Улар билан бирга бўлган одам ҳеч бўлмаганда «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади» деган мақолда айтилганидек ҳолга тушади. Шунинг учун доимо яхшилар, уламолар, фузалолар, тақводорлар билан бирга бўлишга ҳаракат қилиш керак. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Тенгдошим, синфдошим деб тўғри келган инсонни дўст тутавермаслик керак. Қуйидаги оятда зикр қилинган кишининг ҳолига тушиб қолишдан сақланиш керак. Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида марҳамат қилади:  وَيَوْمَ يَعَضُّ الظَّالِمُ عَلَى يَدَيْهِ يَقُولُ يَا لَيْتَنِي اتَّخَذْتُ مَعَ الرَّسُولِ سَبِيلًا۝ 27. У Кунда золим икки қўлини тишлаб: «Эҳ, қани эди Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!» – дер.
Қиёмат кунидаги ҳолатларни кўрган золим афсус-надомат ила бармоғини тишлаб қолади. Битта ёки иккита бармоғини эмас, икки қўлининг ҳамма бармоқларини тишлаб қолади. Ва надомат ила:
«Эҳ, қани эди Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!» – дер».  يَا وَيْلَتَى لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَانًا خَلِيلًا۝ 28. «Эвоҳ! Қани эди, фалончини дўст тутмаган бўлсам», – дер.
Бу дунёда бошқага эргашгани нотўғри бўлганини ўша пайтда тушуниб етади. Аммо энди кеч. لَقَدْ أَضَلَّنِي عَنِ الذِّكْرِ بَعْدَ إِذْ جَاءنِي وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِلْإِنسَانِ خَذُولًا۝ 29. «Батаҳқиқ, менга Зикр келганидан сўнг, у мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетувчидир». ("Тафсири Ҳилол" китобидан). عن أبي هريرة رضي الله تعالى عنه-: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: الرجل على دين خليله، فلينظر أحدكم من يخالل، رواه أبو داود والترمذي بإسناد صحيح  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динида бўлади. Кимни дўст тутаётганига эътибор қаратсин” деганлар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 00:57 | Савол-жавоблар | 157 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar